“Аёллар дафтари” даги хотин-қизлар ишли бўлди
Истиқболли соҳаларга салоҳиятли инвесторларнинг жалб этилиши ҳудуд иқтисодиётини ҳақиқий маънода кўтаришга хизмат қилади. Йирик лойиҳалар рўёбга чиқиши эвазига бозорлар тўкинлиги таъминланади, бюджетга тушум кўпаяди. Асосийси, аҳолини қийнайдиган ишсизлик муаммоси ечим топади, одамларнинг доимий даромад манбаи пайдо бўлади.
Кейинги йилларда сармоявий фаоллик қўллаб-қувватланаётгани ҳам бежизга эмас. Имкониятлар кенглиги тадбиркорлар томонидан йирик лойиҳалар амалга оширилишига туртки бўляпти. Қарши туманида бундан 3 йил аввал иш бошлаган “Тараққиёт сари сервис” МЧЖ ни бунга мисол қилиб келтириш мумкин.
– Фаолиятимиз кўпроқ қишлоқ хўжалигига ихтисослашган, – дейди жамият раҳбари Асомиддин Раҳмонов. – Қарши тумани Хонобод маҳалласи ҳудудидан ер олганмиз. Дастлаб 20 гектар майдонда гидропоника усулида замонавий иссиқхона ташкил қилдик. Бунда Корея технологиясига мурожаат этдик. Иссиқхона энергия тежамкор ускуналар билан жиҳозланган. Суғориш, ўғитлаш каби жараёнлар автоматлаштирилган. Бу эса юқори ҳосил олишга имкон яратяпти.
[gallery-10357]
Тадбиркорнинг айтишича, айни пайтда бу ерда 3-4 хил сабзавот етиштирилмоқда. Помидор ва бодрингнинг турлича навлари бор. Пишиб етилган маҳсулот пешма-пеш бозорларга чиқариляпти. Ушбу ноз-неъматлар юртимиз бўйлаб етказилмоқда.
– Кейинги экин мавсумида экспортбоп маҳсулот етиштиришга асосий урғу бермоқчимиз, – дейди ишбилармон. – Бир-икки ой ичида 12,5 гектар иссиқхонага сара нав кўчатлар ўтқазамиз. Маҳсулотга хорижда харидор борлиги хавотирга ўрин қолдирмайди.
Жамият қошида 10 гектар майдонда боғ ҳам барпо қилингани эътиборга молик. Унда асосан ўрик парвариш қилинмоқда. Боғ майдонини янада кенгайтириш режада бор. Тадбиркор келгусида чорвачиликни ҳам муҳим тармоқ сифатида кўрмоқда. Йирик шохли қорамол боқиш, гўшт йўналишида иш олиб бориш мақсад қилинган. Шуни кўзлаб Европадан зотли қорамол олиб келишга киришилган. Зеро, жамият ихтиёрида бунинг учун шароит бор. Деҳқончилик ва чорвачиликка бир-бирини тўлдирувчи тармоқ сифатида қаралмоқда. Озуқа боғ ораси ва очиқ майдонда етиштирилади, чорвадан олинадиган маҳаллий ўғит мўл ҳосилдорликни кафолатлайди.
Ушбу жамият ютуқларида ишчиларнинг меҳнатини ҳам алоҳида эътироф этиш керак. Уларнинг асосий қисми хотин-қизлар. Кўпи “Аёллар дафтари” да турган. Мазкур лойиҳа амалга ошгани Хонобод, Ҳилол ва Қоратикон қишлоқлари аҳли учун айни муддао бўлган. Муҳими, ишчилар учун зарур барча шароит яратилган. Ишга бориб-келиш учун транспорт қатнови йўлга қўйилган.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.