“Аёл судьялар ҳамжамияти” таъсис этилиши кутилмоқда
Тошкентда “Суд соҳасидаги гендер тенглик ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлашда аёл судьяларнинг роли” мавзуида конференция ташкил этилди.
Олий Мажлиси Сенати, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Омбудсман
ҳамда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан хамкорликда ташкил этилган тадбирда гендер тенгликни таъминлаш бўйича бутун дунёда кузатилаётган тенденциялар халқаро судлар тизимида ҳам ўз аксини топаётгани қайд этилди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелдаги резолюцияси билан 10 март – Халқаро аёл судьялар куни сифатида белгиланган.
Ўзбекистонда ҳам давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан суд тизимида хотин-қизларнинг ўрни ва роли ошиб бормоқда.
Тадбир Олий Мажлис Сенатининг Раиси Танзила Норбоева ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори элчи Пьер фон Аркс жанобларининг қутлов сўзлари билан бошланди.
Олий Мажлис Сенатининг 2021 йил 28 майдаги қарори билан “Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси” тасдиқланган бўлиб, унга кўра, 2030 йилга қадар судьялар орасида хотин-қизлар улушини
30 фоизга кўтариш белгиланган. Шунга мувофиқ ҳозирда аёл судьялар сони кўпаймоқда.
Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова бугунги кунда суд тизимида фаолият кўрсатаётган судьяларнинг 16 фоизи аёл судьялар ҳиссасига тўғри келишини таъкидлади. Олий судда эса бу кўрсаткич 21 фоизга етган.
Эътиборлиси, кўплаб аёл судьялар одил судлов соҳасида раҳбарлик лавозимларида самарали меҳнат қилмоқда. Жумладан, 5 нафар аёл судьялар вилоят судлари раислари ва раис ўринбосарлари лавозимида, 75 нафар аёл эса Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва вилоят судларида судья лавозимида, 20 нафар аёл туман, шаҳар ва туманлараро судларининг раиси лавозимида фаолият олиб бормоқда.
Жорий ўқув йилида Олий судьялик мактабининг магистратура босқичига қабул қилинган 76 нафар талабанинг 16 нафари ёки 23 фоизи аёллардан иборат. Уларнинг аксарият қисми сертификатларни қўлга киритиб, танлов конкурсидан муваффақиятли ўтгач, судьялик лавозимига тайинланади ва бу билан суд тизимидаги гендер кўрсаткичи сезиларли даражада ошади.
Тадбирда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Умаров, Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Қодирхонова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ф.Эшматова, Ўзбекистон Республикаси судьялари, олимлар ва илмий ходимлар маърузалари билан чиқиш қилди.
Муҳокамада суд соҳасидаги гендер тенглик ҳолати ва истиқболдаги режалар, суд тизимидаги гендер вазиятни янада яхшилаш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифлар, хорижий аёл судьялар ассоциациялари ва миллий аёл судьялар ҳамжамиятини ташкил этиш шарт-шароитлари, шунингдек мамлакатимизда суд соҳасида амалга оширилаётган гендер тенгликка оид ислоҳотлар самарадорлигини ошириш юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар ўрин олди.
Конференция якунида Ўзбекистон Республикаси одил судлов соҳасида кўп йилар давомида фидокорона меҳнат кўрсатган бир гуруҳ аёл судьялар Сенатнинг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
Конференция натижалари бўйича аёл судьялар ҳамжамияти бутун Ўзбекистон Республикаси одил судлов тизимига мурожаатнома йўллади.
Мурожаатномада суд тизимини халқ ишончини қозонадиган адолатли ва коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш; судьялар корпусида аёллар вакиллигини ошириб бориш йўли билан суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги билан вазирлик ҳузуридаги Тошкент давлат юридик университети ва юридик лицей талаба қизларини судьялик касбига жалб этишга қаратилган чора-тадбирлар бўйича ўзаро Келишув имзолаш; хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда зўравонларга нисбатан қилмишига яраша ва муросасиз жавобгарлик чораларини қўллаш орқали аёлларни бундай жиноятлардан ҳимоя қилиш кўзда тутилган.
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабига қабулларда хотин-қизларга квота ажратиш ва ўз уйидан ажралган ҳолда пойтахтга келиб ўқиш имконига эга бўлмаган хотин-қизларга масофавий таълим олиш имконини яратиш орқали суд корпусида гендер барқарорликни таъминлаш бўйича таклиф киритилади.
Ҳомиладор ва вояга етмаган фарзандлари бор бўлган судья аёлларнинг ўз соғлиғи ва оиласига етарлича вақт ажратиш имконини яратиш учун иш юкламасини 10 фоизгача камайтириш кўзда тутилмоқда.
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги аёл судьялар клуби негизида Аёл судьялар фаолиятига оид масалалар билан шуғулланиб, ечим талаб этадиган масалаларда таҳлил ва изланишлар ўтказиш йўли билан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқувчи доимий фаолият кўрсатадиган “Аёл судьялар ҳамжамияти”ни таъсис этиш каби масалалар бўйича таклифлар илгари сурилди.
Н.Абдураимова, ЎзА