Жамиятда бугун ҳамманинг диққат марказида бўлиб, эртага кун тартибидан тушиб қоладиган масалалар бўлади. Аммо шундай мавзулар борки, улар ҳамиша қизиқ туюлади.
Аёл бирор бир ташкилотга бошлиқ бўлиб қолса, бутун куч-қуввати, фикри-зикрини хизматига сарфлаб, оиласи иккинчи даражага тушиб қолмайдими? Ё ўзи бошқараётган жамоадаги турфа феъл-атворли одамлар билан муомала қилавериб, иш битириш учун ҳар хил идоралар эшигини қоқавериб, аёллик фазилатларидан узоқлашиб кетмайдими? Ҳам аёллик, ҳам оналик, ҳам раҳбарлик вазифаларини бирдай қойилмақом қилиб адо этиш учун унинг кучи етадими?
Замондошларимиз фикратида айланиб юрган, айни пайтда мавзуимизга тегишли бўлган ушбу саволларга жавоб ахтарар эканмиз, гоҳ бир-бирини тўлдирувчи, гоҳ рад қилувчи фикрларга дуч келдик.
Мамлакатимиз аҳолисининг 50 фоизидан кўпроғини аёллар ташкил қилади. Аниқ кузатувларимиз хулосасига кўра, давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1300 нафардан ортиқ, шу жумладан, вазирлик ва идораларда 45 нафар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасида 39 нафар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида 207 нафар аёл раҳбарлик лавозимларида ишламоқда.
– Гендер тенгликни таъминлаш стратегиясида ҳам айнан хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб қўйилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси, сенатор Абира Ҳусейнова. – Бу бўйича юртимизда 15 мингдан ортиқ фаол, билимли хотин-қизларимиз захиралари ташкил этилган. Шу билан бирга, 3 мингдан ортиқ аёлларимиз турли соҳаларда раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда. Ўзбекистонда қабул қилинаётган қарорларнинг барчасини молиялаштиришга асосий эътибор қаратилмоқда. Чунки қабул қилинаётган дастурлар молиявий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилса, уларнинг самараси шунга мос бўлади.
Албатта, ҳамма раҳбар аёлга бир хил тош-тарози қўйиб бўлмайди. Лекин аксарият кузатиш, ўрганишлар уларда масъулият кучли эканлигини, улар раҳбар бўлиб майдонга чиққач, “Аёл боши билан шу ишни уддалай олмади”, деган гап-сўзларга қолмаслик учун астойдил меҳнат қилаётганини далиллайди.
Модомики, раҳбар аёллар ўз зиммасига олган вазифани тўлақонли адо этишни ҳаёт-мамот масаласи деб билар экан, ҳозир республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар кўламини тасаввур этсак, бу ислоҳотларни амалга ошириш, фармон, қонун, қарорларни ўз вақтида бажариш учун оддий ишчи, оддий раҳбар эмас, қобилиятли раҳбар кераклигини ҳисобга олсак, жамиятимизда яна ва яна аёл раҳбарларга эҳтиёж борлиги сезилади.
Шундан келиб чиқиб, етакчилик қобилиятига эга аёлларни раҳбарлик лавозимига тайёрлаш ишларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Уларнинг сиёсий билимини чуқурлаштириш, меҳнат кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида жойларда ўқув-семинарлар, тренинглар ташкил қилиняпти.
– Аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш борасида ҳамма йўналишларда ҳаракат бор, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Қутлибека Раҳимбоева. – Аёлнинг бошлиқ, етакчи бўлиши фақат у ишлаётган жамоа учун эмас, унинг ўзи учун ҳам янгиланиш, юксалиш имкони. Унинг ташқи қиёфаси ҳам, ўзини тутиши ҳам ўзгаради. Чунки энди у жамият орасига оддий Гулчеҳра, оддий Раъно бўлиб эмас, раҳбар Гулчеҳра, раҳбар Раъно бўлиб киради. Шунинг учун ҳар жиҳатдан ўрнак бўлишга ҳаракат қилади, ўзини тарбиялайди. Ҳатто оиласи, фарзандларини ҳам ибрат даражасига кўтаришга, кўтаргандан сўнг ўша даражада ушлаб туришга ҳаракат қилади.
Албатта, ҳар қандай ҳолатнинг икки томони бўлганидек, аёл раҳбар ҳаётида ҳам яхши ўзгаришлар баробарида, салбий ҳолатлар ҳам кузатилиши мумкин. Уларнинг аксарияти белгилаб қўйилган соатлик иш режасидан чиқиб кетади. Чунки вазифасидаги иш кўлами бу соатга сиғмайди. Раҳбар аёл кўпинча уйидан эрталаб 7-8 ларда чиқиб кетиб, кечқурун қайтади. Бу ҳолат унинг фарзандларининг эътибордан четда қолиши, турмуш ўртоғининг норозилигига олиб келиши мумкин. Кўп бўлмаса-да, айнан шундай сабаблар боис, айрим раҳбар аёллар оиласида муаммолар кузатилади.
– Лекин бизнинг ҳозирги кунимизда имкониятимиз бўла туриб, ҳеч қандай сабаб ўзимизни
четга олишга баҳона бўла олмайди, – дейди Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманидаги 18-умумтаълим мактаби директори, Халқ демократик партияси туман кенгаши депутати Гулзира Элибаева. – Миллатимиз ҳаётида шундай давр бошландики, биз эркаклар билан бир тану бир жон бўлиб, мамлакатимиз фаровонлиги, халқимиз юксалиши йўлида астойдил хизмат қилмоғимиз керак. Раҳбар аёлнинг турмуш ўртоғи ҳам шу давлат фуқароси, унинг ҳам юраги шу юрт деб уриб турибди. Биз фақат уларнинг ишончини йўқотиб қўймаслигимиз керак.
Гулзира Элибаеванинг асосли фикрларини давом эттириб, шуни айтиш мумкинки, жамиятимизда бугун чиндан ҳам аёл раҳбарлар кўпайишига эҳтиёж бор. Чунки аёл табиатан саранжом-саришта, куйди-пишди хилқат. Шу фазилатлари билан иш жойида ҳам муваффақиятларга эришиши мумкин. Лекин ҳар қандай сунъийлик ишни барбод қилганидек, сунъий равишда корхонага бошлиқ қилиб, ҳар соҳада аёл раҳбар “яратиш”га интилиш кузатилса, бундай ҳолат самара бермаслиги мумкин. Ижтимоий, сиёсий “қозон”да қайнаб, маънан, қалбан юксалиб, ўзи, оиласи намуна даражасига кўтарилганда, табиий равишда лавозими кўтарилган аёлдан оила ва жамият бирдай манфаат кўради.
Нигора Раҳмонова тайёрлади, ЎзА