Аёл оналик ҳуқуқидан нега маҳрум бўлди?
Аёлга ҳаёти давомида ато қилинадиган неъматларнинг энг яхшиси нима? Албатта, бу – оналик!
Она бўлишнинг қувончи ҳам, ташвиши ҳам ҳамма нарсадан тотли. Аммо ҳаётда буни англамайдиган кимсалар ҳам бор...
Пойтахтлик эркак ва аёл қонуний никоҳдан ўтмасдан 2005 йилдан 2007 йилга қадар биргаликда яшаб келган. 2007 йилда улар фарзандли бўлган. (Қизни шартли равишда Муниса деб атаймиз).
Аммо Муниса на отага, на онага керак бўлди. Ота аёлни фарзанди билан бирга ташлаб кетди. Ёлғиз қолган она эса болага яхши қарай олмайди. Қизалоқ тўрт ёшга кирганда уни Меҳрибонлик уйига топширади.
– Шу бўйи аёл қизидан хабар олмаган, – дейди Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судининг судьяси Шаҳноза Зайниева. – Шу сабабли, туман прокурори вояга етмаган қиз манфаатида жавобгарга нисбатан оналик ҳуқуқидан махрум қилиш ва алимент ундириш тўғрисидаги судга даъво аризаси киритди. Аниқланишича, Муниса ҳозирда ҳам Меҳрибонлик уйида яшайди. Ундан онаси бирор марта ҳам хабар олмаган. Бундай ҳолатларда Оила кодексининг 79- ва 80-моддаларига асосланиб аёл оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши лозим. Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилди. Бундан олдин қизнинг отаси ҳам оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Конституциянинг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Оила кодексининг 79-моддасига асосан, ота-она, ота-оналик мажбуриятини бажаришдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Оила кодексининг 96-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган фарзандига моддий ёрдам бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Шунга кўра суд жавобгардан вояга етмаган қизининг таъминоти учун Меҳрибонлик уйи фойдасига ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг ¼ қисми миқдорида алимент ундиришни лозим, деб топди.
Ўз навбатида жавобгар аёл қизи Мунисага нисбатан оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Айтиб ўтиш керакки, ёш авлоднинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, айниқса, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва етим болалар учун жамиятда тенг ҳуқуқли фуқаролар сифатида яшаш шароитларини яратиш ҳар бир давлатнинг муҳим ижтимоий вазифаларидан биридир.
Мамлакатимизда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятга тўлиқ интеграция қилишни таъминлаш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, зўравонликдан жабр кўрганлиги сабабли оиласидан олинган болаларни муқобил жойлаштириш шаклларини такомиллаштириш ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларнинг жамиятга интеграциясини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2024 йил 14 ноябрда “Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармоннинг қабул қилиниши билан бир қатор ижобий ўзгаришлар юз берди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида ҳоким ёрдамчиси ва ижтимоий ходим томонидан оилани камбағалликдан чиқариш бўйича чоралар кўрилиши зарур. 2025 йил 1 январдан бошлаб Меҳрибонлик уйлари ва Болалар уйларига кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини вақтинчалик қабул қилиш тартиби бекор қилинди.
Оғир ҳаётий вазиятда ва яқин қариндошлари кўмагисиз қолгани натижасида фарзандини тарбиялашдан воз кечмоқчи бўлган оналар, шу жумладан, ҳомиладор аёллар учун 2025 йил 1 февралдан бошлаб Болалар уйларида “Оналар маскани” хизмати йўлга қўйилиши белгиланди. Бунда, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оналар ва уларнинг 4 ёшга тўлмаган болалари 1 йилгача бўлган муддатга ижтимоий шартнома асосида вақтинча бошпана билан таъминланади.
Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар масалалари бўйича васийлик ва ҳомийлик комиссиялари фаолияти тугатилди. 2025 йил 1 февралдан бошлаб “Инсон” марказлари болани васийликка, ҳомийликка ва фарзандликка олишдан бошқа муқобил жойлаштириш шакллари бўйича жойлаштирилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг қонуний вакили ҳисобланади.
Жамиятдаги оғриқли масалалардан бири бўлган алимент тўлашда ота ёки онанинг моддий аҳволидан қатъи назар, давлат ёки нодавлат муассасаларнинг тўлиқ таъминотида бўлган вояга етмаган болага тўланаётган алимент миқдорини суд томонидан камайтириш ёки уни алимент тўлашдан озод қилиш тартиби бекор қилинди. Болага тайинланган алимент миқдорини камайтириш тўғрисидаги ишларни судда кўриб чиқишда бундан кейин “Инсон” марказлари жалб этилади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу ислоҳотлар болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг таълим олиш, соғлиғини сақлаш, ривожланиши ва шахсий эркинликларини таъминлашга қаратилган. Бу жамиятнинг ижтимоий барқарорлигини таъминлашга, болаларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришига хизмат қилади. Муҳими, янги чоралар юқоридаги каби ҳолатлар камайишига замин яратади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА