11 февраль — “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” муносабати билан Ғаллаорол тумани Маданият марказида “Илм ва аёл: барқарор жамият сари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбир туман Оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан ўтказилди.
Маълумки, мазкур сана БМТ Бош Ассамблеяси ташаббуси билан жорий этилган бўлиб, унинг асосий мақсади илм-фан соҳасида аёллар ва қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлашга қаратилди. Бугунги кунда илм-фан тараққиётида аёллар иштироки жамиятнинг барқарор ривожланиши билан бевосита боғлиқ омил сифатида қаралмоқда.

Тадбирда Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институтининг қишлоқ хўжалиги соҳасида фалсафа доктори (PhD), фан номзоди Мария Николаевна Покровская ҳамда туманда фаолият юритаётган илмга қизиқувчан, иқтидорли хотин-қизлар иштирок этди. Суҳбатлар давомида илмий фаолиятда хотин-қизларнинг ўрни, замонавий илм-фандаги янги йўналишлар ҳамда аёл олимларнинг ютуқлари хусусида фикр алмашилди.

Мазкур тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларни илм-фанга кенг жалб этиш, уларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилган устувор йўналишлардан биридир. Бундай маънавий-маърифий тадбирлар эса ёш қизларда илмга бўлган қизиқишни кучайтириш, олима аёлларга бўлган ҳурмат ва ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Умуман, тадбир илм-фан соҳасида фаолият олиб бораётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган эзгу ташаббус сифатида аҳамиятли бўлди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири