Аёл нега жиноятга қўл уради?
Жамиятда турли тоифа аёллар бор. Уларнинг баъзилари кимлардир томонидан жабрланган бўлса, айримлари бошқаларга жабр кўрсатади.
Маълумотларга кўра, юртимизда 2020 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 38 минг 149 шахсга нисбатан 30 минг 284 та иш кўриб чиқилган. Судланган шахсларнинг 3 минг 27 нафари аёллар.
Хўш, аёл кишида жиноят содир этишга мойиллик қачондан бошланади, уни бартараф этиш мумкинми? Тошкент шаҳар 2-сонли руҳий-асаб касалликлари диспансери психологи Нозима Носирова билан шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида суҳбатлашдик.
— Аввало, аёл жиноят кўчасига илк қадам қўйишни қандай бошлайди, деган саволга ойдинлик киритиб ўтсангиз?
— Иқтисодий етишмовчилик, оилавий можаролар, турли хил ижтимоий келишмовчиликлар оқибатида илк қадамини ташлайди. Аёлларни жиноят қилишга ундовчи омиллар бор. Буларга атрофдагилар томонидан тан олинмаслик, хўрланиш, камситилиш, муаммоларнинг ечимини тополмаслик ёки руҳий оғишиш сабаб бўлади. Жиноят содир этишнинг ёши кўрсатилмаган. Агар аёл вақтида даволанса, хоҳиш истаклари амалга ошса, яқинлари томонидан тан олинса, ҳеч қачон жиноят кўчасига кирмайди.
— Қизларда жиноятга мойиллик шаклланишида оилавий келишмовчиликлар ҳам сабаб бўлиши мумкинми?
— Ҳеч бир фарзанд жиноятчи ёки қотил бўлиб туғилмайди. Уни қандай одам бўлиб шаклланишида, энг аввало, оила муҳитининг ўрни жудаям катта. Эр-хотин, қайнона-келин, ака-укалар ўртасида мунтазам тортишув бўладиган оилада ўсаётган қиз ўша муҳитдан нафас олади. Балоғат ёшига етгач атрофдагиларга муносабати шаклланади.
Катталар болалар олдида бир-бирларига совуқ қуроллар билан тажовуз қилиш “саҳна”сини кўрсатишлари керак эмас. Жанжалкаш оилада ўсган қизлар ўзларига пас баҳо берадиган, келажакка умидсиз қарайдиган бўлиб қолади. Ўсмирлик ёшига етганида ўзини ҳимоя қилиш мақсадидаги агрессивлик кучайиб кетади. Уларда муаммони келишиш орқали эмас, тажовузкор, яъни пичоқ тираш, тан жароҳати етказиш орқали ҳал қилиш керак, деган тушунча шаклланади.
Ҳар бир оилада турли хил оилавий келишмовчиликлар бўлади. Айниқса, иқтисодий етишмовчилик буни кўпроқ келтириб чиқаради. Муаммонинг сабаби нимада эканлиги ва бу вақтинчалик ҳолатлигини болага тушунтириш керак. Ота ёки она томонидан: “Биз сени ҳам, бир-биримизни ҳам яхши кўрамиз. Ҳозирги муаммо вақти келиб ўтиб кетади, буни ҳал қиламиз”, деб болани тинчлантириш керак. Келишмовчиликлар ортда қолиб, тўғри ҳал қилинганини кўрсатиб бериш керак. Ёки, “биз катталар муаммонинг ечимини топдик, сен хавотир олма”, деб тушунтиришса, фарзанд ўсмирлик даврига етиб келганда агрессив реакцияларга мойиллик белгилари бўлмайди.
— Маълумотларга кўра, хотин-қизлар ўртасида энг кўп тарқалган жиноят турлари ўғирлик, товламачилик ҳамда бировнинг жонига қасд қилиш. Ушбу жиноят турларига психологияда қандай нуқтаи назардан ёндашилади?
— Қайси жиноят турлари кўп содир этилаётгани ҳақида психологияда аниқ статистика йўқ. Бундай маълумотлар юридик йўналишда факт сифатида қайд қилинади. Биз жиноятга инсоний нуқтаи назардан ёндашамиз. Айтайлик, ўғриликнинг энг юқори нуқтаси муҳтожлик ҳамда тақиқ. Масалан, қизалоқлар боғча ёшида ўртоқларининг ўйинчоқларини, мактабда эса дугонасининг пули ёки ўқув қуролларини сездирмасдан олиб қўйиши мумкин. Айрим болалар қайсидир мевани жудаям егиси келади ёки қайсидир дугонасининг ўйинчоғига ҳаваси келиб тақлид қилади.
Шундай пайтда онаси сенга бу мумкин эмас, бизни пулимиз кам, шароитимиз тўғри келмайди, деб унинг хоҳишини қайтараверса, тақиқ қизчада ўғрилик хусусиятини шакллантиради. Шу сабаб ота-она имконияти бўлганида фарзандига у хоҳлаган нарсасини олиб бериши керак. Агар имкони бўлмаса ўзлари қоғоздан ясаб, меҳрибонлик ҳамда ўйин тарзида совға қилишса, боланинг қалбидаги бўшлиқ қондирилади. Қониқмаслик, тақиқлар натижасида қизларда ўғрилик содир бўлиши мумкин.
— Ёлғончилик бора-бора товламачиликни келтириб чиқариши мумкинми?
— Ёлғон гапириш, яъни товламачилик генетик муаммо ҳисобланмайди. Яъни, ёлғончи ота-онанинг фарзанди алдоқчи бўлиб туғилади, дегани эмас. Мени ўғлим ёки қизим алдади, турмуш ўртоғим ёлғон гапирди, деган хусусиятдан хафа бўлиш керак эмас. Ҳар бир инсон алдаш хусусиятига эга бўлади. Фақат унинг ўрнини аниқлаб олиш керак. Яъни, инсонга фойда ва зиён келтирувчи алдаш тури бор. Инсонга фойда келтирувчи алдаш нормада бўлади. Зарар келтирувчи турини эса ёшликдан тарбиялаб туриш керак. Аёлларда ёшлик даврида алдаш хусусиятлари тарбияланмаса, секин-аста бу товламачиликка айланади. Тўғрилаш, адаптация қилиб нормага солиш мумкин. Лекин бу ўтиб кетди, алдамайди, дегани эмас. Ундай инсонларга ҳушёр бўлиш керак.
Алдаш оқибатлари ёмон эканини болаларнинг тилида, турли хил эртак, мултьфильм, кинолар қўйиб бериш орқали тарбиялаш яхши самара беради.
— Аёлни кимгадир тан жароҳати етказишгача олиб борадиган омиллар нималарда?
— Бировга тан жароҳати етказган аёлларнинг психологияси жуда мураккаб бўлади. Юзаки тарафлама унга агрессив, яъни кучли аёл экан, деб баҳо беришади. Лекин уларнинг ички дунёси ўрганилганда акси бўлади. Шундай аёллар борки, фарзандини ўгай отасидан ҳимоя қилмоқчи бўлиб, эрига тан жароҳати етказиб қўйиши мумкин.
Яна баъзилар рашк туфайли ҳам эрини жароҳатлаб қўяди. Улар иродаси нотурғун экани, ўзини кучсиз ҳис қилганлиги, ичидаги алам кучайиб кетганидан шу йўлни танлаган бўлиши мумкин. Баъзи бир аёллар атайлаб қасддан кимгадир жароҳат етказади. Уларни хулқи оғишган характер хусусиятига эга аёллар типига киритамиз. Бундайларга албатта, медицина кўриги зарур.
Ҳар бир аёл ўзича гўзал, ўзи хоҳлагандек бахтли бўлишга ҳақли. Ана шу ўзининг гўзаллигини, бахтли эканлигини ҳис қилган аёллар ҳеч қачон жиноят кўчасига йўламайди.
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.