Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни жамиятдаги ўрнини ошириш, турли соҳаларда фаол хизмат қилаётган олималар, зиёли аёллар ҳамда мунис опа-сингилларимизнинг қадр-қимматини юксалтириш, меҳнатларини эътироф этиш масаласи янгиланаётган Ўзбекистонимизда устувордир.
Мазкур эзгу юмушга ҳисса қўшиш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Олий Мажлис ҳузуридаги фуқоролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмагида "Aёлга эҳтиром!" лойиҳаси ўтказилди.

Ушбу тадбирлар давомида юртимиздаги эҳтиёжманд хотин-қизларга байрам туҳфалари тақдим этилмоқда.
Aна шундай тадбирлардан бири Яккасарой туман ободонлаштириш бошқармасида меҳнат қилаётган аёлларни табриклаш, уларга кўтаринки кайфият бахш этиш мақсадида амалга оширилди. Лойиҳа доирасида ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган ҳудудларга борилиб, ўша ернинг ўзида аёллар билан дилдан суҳбат қурилди.

Тадбирда эл суйган санъаткорлар, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирок этди. Сўзга чиққанлар гўзаллик ва нафосат байрами бўлган 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан табрикладилар.
Яккасарой ободонлаштириш бошқармасида фаолият олиб бораётган 200 нафарга яқин хотин-қизларга “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан байрам туҳфалари топширилди.
Ўз навбатида Яккасарой туман ободонлаштириш бошқармаси ишчилари эътибордан кўнгиллари тоғдек кўтарилганини айтишди.
Чиндан ҳам лолаларни тутганича, озодалик посбонлари томонга юриб келаётган таниқли ижодкорларнинг ташрифи кутилмаганда қувончли эди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, шоир Бобур Бобомурод аёллар билан самимий мулоқот қилиб, янги шеърларидан намуналар ўқиди.
Чиндан ҳам, бундай ижтимоий лойиҳалар юртимизда барча аёл-қизлар доимий эътиборда эканини англатади.
Н.Усмонова,
ЎзА