Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади
Аёл – жамият гултожи, борлиқ кўзгуси, миллат тарбиячиси.
Унинг меҳр-муҳаббати навниҳолларни, эртамиз эгаларининг униб-ўсишига, камол топишига сабаб бўлади. Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади. Хотин-қизларни эъзозлаган, қадрлаган юртнинг эса бугуни ва эртаси шубҳасиз фаровондир.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятда нуфузини ошириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу хайрли ишларнинг самарасини эса барча опа-сингилларимиз ўз ҳаётлари, умр йўллари давомида ҳис этишмоқда. Шу билан бирга кўрсатилаётган меҳр-муҳаббатни юксак баҳолаб, барча соҳаларда ўз билим ва салоҳиятларини кўрсатмоқда, жаҳон ареналарида давлатимиз байроғини янада баланд тутмоқда, ер юзидаги энг машҳур, йирик компанияларда меҳнат қилиб, салоҳиятларини намойиш қилмоқда.
Албатта, келажаги буюк, эртаси фаровон бўлишини истаган халқ миллат давомчиларини қай соҳа вакили бўлмасин кўнгли тинч, ҳаёти фаровон бўлиши учун ҳаракат қилади, муносиб турмуш кечиришлари учун шароит яратади. Бугун Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ-имкониятларини кенгайтириш, давлат бошқаруви ва жамиятнинг барча жараёнларида уларнинг ролини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Буларнинг барчаси гендер тенглик соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг асосига айлангани ҳам ҳеч биримизга сир эмас. Давлат бошқарувида аёлларни кўпайтириш учун етакчи лавозимларни эгаллашга қодир 15 минг нафардан ортиқ хотин-қизлардан кадрлар захираси шакллантирилди. Ўзбекистон тарихида илк бор миллий парламентдаги аёллар сони 32 фоизга етди. Мамлакатдаги раҳбарлик лавозимидаги аёллар сони эса 30 фоизни кўрсатмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аёлларни қўллаб-қувватлаш, қизларни оилага тайёрлаш, уларни миллат тарбиячисига айлантириш бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, ўтган йил давомида профессор, доцент аёлларнинг услубий қўлланмалари, илмий рисолалари нашр эттирилди, “Маънавият фестивали” давомида ўтказилган психологик тренинглар натижасида кўплаб ажрим ёқасидаги оилаларнинг ярашувига эришилди.
“Менинг фарзандим Ўзбекистон фахри” лойиҳаси доирасида 100 нафар истеъдодли, спортчи ёшларнинг оналари тақдирланди ва бошқаларга ўрнак сифатида кўрсатилди. Маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, юксак ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш борасидаги самарали фаолияти учун 17 нафар хотин-қизлар “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Республикамизнинг 4 та ҳудудида ўтказилган “Мақом кечалари” концерт дастурлари давомида Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистларлар билан бирга ёш истеъдод эгалари, мақом йўналишида таҳсил олаётган ўқувчи қизлар ҳам бир саҳнада қўшиқ ижро этиш имконига эга бўлди. Бу уларга катта саҳнага чиқишларида дебоча бўлиб хизмат қилади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёлга эҳтиром!” лойиҳаси доирасида жамият аъзоларига байрам кечаси ташкил этилди. Тадбирда жамиятнинг фаол аъзолари, эл суйган санъаткорлар, профессор-олималар иштирок этди.
Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази директори Минҳожиддин Ҳожиматов кириш сўзи билан очиб, барча аёл-қизларни байрам билан қизғин қутлади. Элимиз суйган санъаткорларнинг аёлларни мадҳ этган қўшиқ-куйлари даврага файз, кўтаринки руҳ бағишлади. Жамият аъзолари бўлган муҳтарам аёл-қизларга эсдалик совғалари улашилди.
[gallery-6009]
Файзулло Яҳёев, ЎзА