Ҳаёт давом этар экан, эҳтиёжлар тўхтамайди
Коронавирус пандемияси сабаб карантин билан боғлиқ ўрнатилган айрим чеклов ва тартиблар аҳолининг одатий турмуш тарзига қайсидир жиҳатдан таъсир ўтказиши табиий, албатта.
Коронавирус пандемияси сабаб карантин билан боғлиқ ўрнатилган айрим чеклов ва тартиблар аҳолининг одатий турмуш тарзига қайсидир жиҳатдан таъсир ўтказиши табиий, албатта.
Лекин ҳаёт давом этар экан, одамларнинг эҳтиёжи, шу жумладан, давлат хизматларига бўлган эҳтиёжи тўхтамайди. Бугунги синовли кунларда эса мазкур эҳтиёжларни қаноатлантириш тизим ходимларидан алоҳида масъулият талаб этади.
Муаммосига ечим излаб келган фуқаро давлат ва жамиятга бўлган ишончни ўз мурожаатига бўлган муносабатида кўради. Бирор идора ёки ташкилот эшигини умид билан тақиллатиб, муаммосига ечим излайди. Модомики шундай экан, айниқса бугунги карантин шароитида ҳар бир давлат хизматчиси фуқароларнинг мурожаатлари, унинг ортида эса инсон тақдири ва манфаатлари турганлигига алоҳида эътибор қаратиши зарур.
Маълумки, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришда мурожаатлар билан ишлаш, бу борадаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш, уни такомиллаштириш эса энг устувор вазифалардан биридир. Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, ҳар бир шахс бевосита ўзи ёки жамоа тарзида давлат органларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.
Давлат хизматлари агентлиги тизимида мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда тўлиқ, ўз вақтида ва холисона ўрганиб чиқилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда албатта, халқни рози қилишга устувор вазифа сифатида қаралади.
Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармасида ҳам ушбу вазифага алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда. Рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи чорагида бошқармага 600 дан ортиқ, шу жумладан 250 га яқини виртуал қабулхона орқали, 370 дан ортиғи эса бевосита жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган.
– Мурожаатларнинг 515 таси кўриб чиқилиб, 237 таси қаноатлантирилган ва 252 та мурожаат муаллифларига ҳуқуқий тушунтириш берилган, – дейди бошқарма бош маслаҳатчиси У.Бердиев. – 15 таси тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун бошқа ташкилотларга юборилган. 7 таси кўрмасдан қолдирилган бўлса, 4 таси рад этилган. 102 таси эса ўрганиш жараёнида қолган. Кўриб чиқилган мурожаатлар хусусиятига кўра таҳлил қилинганда, 97 фоиздан ортиқроғи давлат хизматлари кўрсатиш соҳасига оид, 3 фоизга яқини эса соҳага тааллуқли бўлмаган мурожаатларни ташкил этади.
Бошқармага Ўрта Чирчиқ тумани Юқориовул маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро А.Т жорий йилнинг январь ойида турмуш ўртоғининг фуқаролик паспорти, набирасининг эса туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси йўқлиги сабабли турар-жойига кадастр ҳужжатларини расмийлаштира олмаётганини билдириб, шу масалани ҳал этишда амалий ёрдам беришни сўраган. Бир томондан қараганда бу мурожаат бошқармага мутлақо тааллуқли эмасдек кўринади. Шундай бўлсада, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан хизматлар кўрсатиши устидан назорат қилиш ҳамда ФҲДЁ органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бевосита бошқарма зиммасига юклатилганлиги сабабли дастлаб мурожаат муаллифининг набирасига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олинишида амалий ёрдам берилди. Шундан сўнг паспорт ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам ўз ечимини топди.
Айрим мурожаатларни ижобий ҳал этиш учун эса қатъий таъсир чоралар қўллашга тўғри келади. Хусусан, Олмалиқ шаҳрининг Кимёгар маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро М.М газ ҳисоблагичини ечиб олиш ҳақида берган аризасини кўриб чиқишда амалий ёрдам беришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентига “Ишонч телефони” орқали қилган мурожаат қилган. Ўрганиш давомида газ таъминоти идораси томонидан ушбу фуқаро ва бошқаларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш муддати бузилганлиги аниқланган ҳамда мазкур идоранинг масъул шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 2155-моддасига асосан жарима жазоси қўлланилди. Шундан сўнг унинг аризаси қаноатлантирилиб, ҳисоблагич ечиб олинган.
Ҳудди шундай мурожаатлардан яна бири Зангиота туманидаги Қуёшли маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Д.Е дан келган. Газ ҳисоблагичини алмаштириш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилмаётганлигидан норози бўлиб ёзган шикоятини ўрганиш натижасида аниқланган қонун бузилишларини содир этилишига йўл қўйган туман мажбурий ижро бюроси ходимига нисбатан юқорида қайд этилган тартибда маъмурий жазо чораси қўлланилди. Шундан сўнг фуқаронинг газ ҳисоблагичи алмаштириб берилди.
Бундан ташқари, Зангиота тумани “Хонобод тепа” маҳалла фуқаролар йиғини Хонобод тепа 3-тор кўчасида яшовчи фуқаро З.А нинг Ўзбекистон Республикаси Президентига “Веб-сайт” орқали қилган мурожаати ҳам ҳал этилди. Унда кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказишда амалга оширилган тўлов тизимда кўринмаганлиги сабабли ушбу масалада амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Таъкидлаш керакки, муаллифнинг ушбу масалада мутасадди идораларга йўллаган кўплаб мурожаатлари ўз ечимини топмаган.
Ўрганиш давомида 2019 йил 19 декабарь куни Қибрай тумани давлат хизматлари орқали Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси номидан кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан қилинган мурожаати электрон тартибда ваколатли орган — Тошкент вилояти Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Қибрай тумани филиалига юборилганлиги аниқланди.
Мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида ташкилот томонидан шаклланган инвойс рақамига “Мунис” тизими орқали эмас, пул кўчириш йўли билан тўлов амалга оширилганлиги сабабли кадастр ҳисоб рақамига маблағ келиб тушмаганлиги маълум бўлди.
Бошқарма томонидан мазкур мурожаат назоратга олиниб, вилоят кадастр бошқармаси ҳамда Республика кадастр қўмитасининг масъул ходимлари орқали ташкилот томонидан амалга оширилган тўлов мазкур идоранинг ҳисоб рақамига бириктириб берилди.
Бир сўз билан айтганда, бугунги синовли кунларда халқ билан ҳамнафас бўлиб яшаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммо ва камчиликларга барҳам бермоқда. Муаммоларга ўз вақтида ечим топилаётгани эса ҳудудлар ободончилиги ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади, албатта.