Аёлларнинг барчаси эътибор ва ҳимояда
Пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Реабилитация ва мослаштириш маркази ҳамда ушбу марказнинг Тошкент шаҳар бўлинмаси очилди.
Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!
Пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Реабилитация ва мослаштириш маркази ҳамда ушбу марказнинг Тошкент шаҳар бўлинмаси очилди.
Марказнинг очилишига бағишланган тадбирга кенг жамоатчилик вакиллари, хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фаоллари, ҳуқуқшунослар, психологлар, тиббиёт соҳаси ходимлари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмиддинова ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий жабҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида одамларнинг оғирини енгил қилиш, хотин-қизларга доимий амалий кўмак кўрсатиш масаласига жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 июлда қабул қилган “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори турли мураккаб вазиятда қолган опа-сингилларга амалий кўмак кўрсатиш, уларнинг мушкулини ҳал этиш, маънавий, психологик, ҳуқуқий ёрдамлашиш борасидаги ишларни тубдан янгича асосда йўлга қўйиш имконини бераётгани билан аҳамиятлидир.
Пойтахтнинг “Гавҳар“ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қад ростлаган Реабилитация ва мослаштириш марказида оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан, оилавий муаммолар ва турмушда зўравонликка дуч келган шахсларга туну кун бепул ва аноним тарзда тиббий, руҳий, ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Шу ернинг ўзида хотин-қизларга касб-ҳунар, тадбиркорлик сирларини ўргатишга доир марказ ҳам ишлаб турибди. Бу ер ғоят шинам, қулай ва эътиборни тортади. Яшаш хоналари, мутахассислар билан маслаҳатхона, кичкинтойлар учун махсус мўлжалланган хона, тренажёр зал, кутубхона... Бироқ марказдаги барча қаватлар, ундаги шароит ва имкониятлар аъло бўлса-да, бу ерга ҳеч кимни келгулик қилмасин, деб ўйланиб қолади киши. Негаки, оиладаги тинчлик, тотувлик, аҳиллик энг олий ва бебаҳо неъмат экани барчага беш қўлдек аён.

Бугунги кунда юртимизнинг турли гўшаларида фаолият кўрсатаётган шу каби марказларга мурожаат этган аёлларга зарур ёрдамлар аниқ, манзилли, ижтимоий йўналтирилган тарзда кўрсатиб келинмоқда.
Тўйга тўёна билан деганларидек, шу куни ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд, шароити мураккаб оилаларга янги хонадонларнинг сертификатлари топширилди.
Раъно ая Юсупова ҳам эндиликда истиқлолнинг 28 йиллик айёмини янги уйда нишонлайдиган онахонлардан бири. Унинг дил изҳори унсиз милт-милт оқаётган кўз ёшларида зоҳир эди... Касби тикувчи бўлган Шарифа Рисқулова умр бўйи “обшежитие“ деб номланувчи ғарибгина бинонинг бешинчи қаватига қўлтиқтаёқда чиқиб тушишга мажбур эди.
– Қувончимни қандай изҳор этишни билмайман, – деди Ш.Рисқулова. – Янги уй, тағин биринчи қаватдан хонадон менга насиб этди. Илгарилари буни ҳатто тушимда ҳам кўрмаганман. Одамларнинг дарду ташвиши билан яшаётган Президентимиздан умр бўйи миннатдорман! Умрлари зиёда бўлсин.

Тадбир доирасида “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган аёлларни реабилитация қилиш, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш” мавзусида брифинг, Реабилитация ва мослаштириш маркази мутахассислари учун ўқув-семинар ташкил этилди.