Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 февраль куни «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-675-сон Қонунини имзолади. Ҳужжат Олий Мажлис қонунчилик палатаси томонидан
2020 йил 4 декабрда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан 5 февралда тасдиқланган эди.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига янги 57(2)-модда киритилиб, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо тайинлаш деб номланди.
Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув ўзи нима?
Бунга ойдинлик киритиш мақсадга мувофиқ бўлади. Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишуви деганда жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишув тушунилади.
Масалан, шахс киссавурлик йўли билан жабрланувчининг кийими, сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан ўғрилик жиноятини содир этса ва у ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлса, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашса ҳамда келтирилган зарарни бартараф этса прокурор билан шу ўғрилик жинояти бўйича келишув тузиши мумкин.
Гумон қилинувчи, айбланувчи айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани суриштирувнинг ва дастлабки терговнинг исталган босқичида бериши мумкин. Келишув тузиш ҳақидаги илтимоснома гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси (агар ишда қатнашаётган бўлса) ва қонуний вакили томонидан имзоланган бўлиши лозим.
Айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимоснома жиноят ишини юритаётган суриштирувчига, терговчига тақдим этилади. Суриштирувчи, терговчи айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш тўғрисидаги илтимосномани олган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида жиноят иши материалларини келишув тузиш масаласини ҳал қилиш учун прокурорга юборади. Прокурор келишув тузиш тўғрисидаги илтимосномани у келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соат ичида суриштирувчи ёки терговчи ҳамда гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси иштирокида кўриб чиқади. Шундан сўнг прокурор айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақида қарор чиқарган ҳолда судга тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига янги киритилган
57(2)-моддага кўра айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича тайинланадиган жазонинг муддати ёки миқдори Жиноят кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида (қисмида) назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаслиги керак.
Бу шуни англатадики, шахс киссавурлик йўли билан содир этган ўғрилик жинояти учун амалдаги жиноят қонунига 169-моддаси 2-қисми «а» бандига кўра энг юқори жазо уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши лозим бўлган ҳолатда унга нисбатан ушбу жазо муддати ёки миқдорининг ярмидан ошмаган ҳолда жазо тайинланади. Масалан, жиноят ишлари бўйича суд ушбу шахсга беш йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинламоқчи бўлса, унинг ярми икки ярим йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлайди.
Мазкур киритилган ўзгартиш жиноят қонунидаги инсонпарварлик принципини амалда кенг қўлланилишини таъминлайди. Ҳақиқатда жиноят содир этган шахс ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган бўлса, суд томонидан унга тайинланадиган жазо амалдаги жиноят қонунида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмайди.
Ферузбек Худайкулов,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга
қарши курашиш кафедраси
ўқитувчиси, PhD.
Азизахон Алланова,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга
қарши курашиш кафедраси
ўқитувчиси, PhD.