Жиноят содир этган шахслар айбини енгиллатиш учун суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан айбга иқрорлик келишуви тузиши мумкин.
Бу қандай институт ва у қачон жорий этилди? Амалда қандай қўлланилмоқда?
- Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 августдаги «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилиш белгиланди, - дейди Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Элбекжон Турғунбоев. - Айбига иқрорлик бўйича келишув тузилиши учун айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган бўлиши керак. Шундай ҳолларда суриштирув ва дастлабки тергов органлари у билан ёзма келишув тузиши мумкин.
Шу асосда унга нисбатан суд томонидан Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ва (ёки) муддатигача жазо тайинлаш тартиби жорий қилинади.
Мазкур институтни жорий этишга оид фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 18 февралда «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Шу асосда айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув институти жорий этилди.
- Айбга иқрорлик келишуви институти жорий қилинганидан бери қанча шахсга қўлланилди?
- 2021 йил давомида судимизда жами 61 минг 263 нафар шахсга нисбатан 47 минг 657 жиноят иши кўриб чиқилган бўлиб, шундан 120 нафар шахсга нисбатан 88 жиноят иши айбга иқрорлик тўғрисида келишув тасдиқланган.
Мазкур тоифадаги ишлар бўйича содир этилган жиноятлар оқибатида тарафларга етказилган жами 6 миллиард сўмдан зиёд зарар қопланди.
- Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув тузилиши учун қандай шартлар бажарилиши керак?
- Бунинг учун гумон қилинувчи, айбланувчи ўз ҳаракатларининг моҳиятини, шунингдек ўзи берган илтимосноманинг оқибатини англаб етган бўлиши керак.
Илтимоснома ихтиёрий равишда ва ишда иштирок этаётган ҳимоячи билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан кейин берилган бўлиши зарур.
Гумон қилинувчи, айбланувчи суриштирув ёки тергов органи томонидан қўйилган гумонни ёхуд айбловни, иш бўйича мавжуд бўлган далилларни, шунингдек етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини инкор этмаслиги ҳамда уни бартараф этган бўлиши талаб этилади.
- Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув қандай ҳолларда тузилиши мумкин эмас?
- Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш учун асослар мавжуд бўлса, шахс томонидан бир нечта жиноят содир этилган бўлиб, улардан лоақал биттаси белгиланган талабларга тўғри келмаса бундай келишув битимини тузиш мумкин эмас.
- Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув қанча муддатда кўриб чиқилади?
- Жиноят-процессуал кодексининг 586-7-моддасига кўра, айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувга доир ишлар ушбу моддада назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда умумий тартибда, жиноят иши келишув билан бирга судга келиб тушган пайтдан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқилади.
Ушбу тоифадаги ишларни кўришнинг яна бир ўзига хос хусусияти, суд дастлаб судланувчи ва унинг ҳимоячисининг, сўнг прокурорнинг, шунингдек зарур ҳолларда, жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг фикрини эшитади. Шундан сўнг қарор қабул қилиш учун алоҳида хонага киради.
Қонунчиликка киритилган айбга иқрорлик келишуви институти амалда жиноятларни тўлақонли очиш, жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланишига хизмат қилмоқда. Қолаверса, бу жиноят содир этган шахсларнинг жазодан қочишига эмас, балки қилмишининг моҳиятини англаб, жиноятларни фош этишга кўмаклашувига, натижада жазосининг енгиллашувига имкон бермоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА