Ахсикентда яна бир янги топилма
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманганнинг ушбу машҳур қадимий манзилида археологлар янги ер ости иншоотига дуч келдилар. Қазув ишлари давом этгани сайин бетакрор йўлак ва зиналар орқали ер қаърига тушиб борилмоқда.
Майдони 100 гектарни ташкил этувчи археологик ёдгорликнинг 11-қазув объектида аниқланган топилма археолог олимлар томонидан ўрганилмоқда.
[gallery-16705]
- Пишиқ ғиштдан қурилган, махсус йўлак орқали зиналардан тушиладиган, арка шаклида қурилган бу топилма жуда яхши сақланган. Зиналар орқали пастга тушадиган иншоотлардан нима мақсадда фойдаланишган, албатта, буни атрофлича татқиқ қилиш керак. Дастлабки хулосаларга кўра, бу иншоот қимматли нарсалар ёки озиқ-овқат маҳсулотлари сақлаш хоналари бўлганини тахмин қилмоқдамиз. Аниқ маълумотлар қазув тўла якунланганидан сўнг берилади, - дейди Ахсикент Археология парки илмий ходими, археолог Шукрулло Насриддинов.
Ҳозирда қазиш ишлари давом этмоқда. Ер ости хонаси тўла очилганидан сўнг унинг ўлчамларига аниқлик киритилади.
Ахсикент археология ёдгорлигида 1979 йилдан бошлаб археолог олим Абдулҳамид Анорбоев раҳбарлигида доимий археология қазув ишлари олиб борилмоқда. Шу кунгача 24 та қазув объекти ўрганилди. X-XII асрларга оид аҳоли турар жойлари қолдиқлари, мудофаа иншоотлари, ирригация тизими қурилиш қолдиқлари шулар жумласидандир.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА