Наманган вилоятининг Тўрақўрғон ва Мингбулоқ туманларини боғловчи манзилда жойлашган, милоддан аввалги III асрга оид бўлган Ахсикент ёдгорлигида қадимий бир қанча буюмлар топилди.
Археологлар траншея қазиш жараёнида сўнгги эллик йилдаги энг нодир топилмалар – кенглиги 2,3 метрлик зинапояга дуч келдилар. Бу ердан 10 минг кубометр тупроқ чиқарилгач, йўлакнинг ўн иккинчи поғонаси очилди. Ер туби томон тўрт метр қазилганда сирли йўлакнинг бус-бутун арклари кўзга ташланди.
Айнан шу нуқтадан етти метр шарқда қадимшунослар яна иккита ноёб ерости йўлларига дуч келишди. Дастлабки тахминларга кўра, ҳар икки арксимон йўлак, илк топилган катта йўлга боғланади. Эътиборлиси шундаки, барча йўлаклар бутун, арксимон ҳолда, метро услубида нафислик билан пишиқ ғиштдан бунёд этилган.
Ҳозирда италянча дея таърифланган раковина, ерости, пол ости иситиш тизими, нафис сопол қувурлари билан бутун ҳолатда топилган қўл ювиш воситалари ҳам айнан шу объектдан 2024 йилги қазувлар жараёнида топилди.
– Тарихий объектнинг устини октябрь ойида узил-кесил ёпишимиз керак, – дейди Ахсикент экспедицияси раҳбари, академик тарихчи олим Абдулҳамид Анорбоев. – Агар қурувчилар бунга улгуришмаса, яна тупроқ ташлаб консервация қилишимизга тўғри келади. Топилма ўта ноёб.
Ҳозирда ёдгорлик ҳудудида қуйидаги қисмлар музейга айлантирилмоқда:
– Ўн учинчи қазув объекти – X-XII асрларда фаолият юритган ерости сув иншоотининг кузатув пункти, биринчи шаҳристоннинг XIII асрнинг бошларига оид Хоразмшоҳлар даврида қурилган мудофаа девори ва турар жой қолдиқлари;
– Ўн биринчи қазув объекти – XI-XII асрларга оид пишиқ ғиштдан қурилган гумбазли тагхона ва маҳобатли турар жой қолдиқлари, Фарғона водийсида илк бор топилган қорахонийлар даври деворий расм намуналари ҳамда юқорида қайд этилган ерости иншоотлари ва нодир қурилмалар;
– Ўн тўққизинчи қазув объекти – шаҳарнинг милоддан аввалги III-I асрларида қурилган маҳобатли мудофаа деворлари ва ерости сув йўли;
– Йигирма тўртинчи қазув объекти – XI-XII асрларга оид маҳобатли турар жой қолдиқлари аниқланган.
[gallery-19595]
“Ахсикент археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси” директори Анвар Икромовнинг ЎзА мухбирига маълум қилишича, тез орада 100 гектарга яқин қисми бутун сақланган ёдгорлик ва ундаги сўнгги топилмалар ҳақида “National Geographic” халқаро телеканали ҳужжатли фильм суратга олади.
Таъкидлаш керакки, уч минг йиллик тарихга бориб тақаладиган Ахсикент IX-X асрларда Фарғона водийсининг пойтахти, Буюк Ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган. Тарихий манбаларда, хусусан, буюк мутафаккир, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб “Бобурнома” асарида бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида ёзилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.