Сўнгги йилларда инстаграм, TikTok, YouTube ва бошқа шу каби ижтимоий платформаларда қисқа, кўнгилочар видеолар энг оммабоп контент шаклига айланган. Фойдаланувчилар кунига ўнлаб, ҳатто юзлаб видеоларни бирин-кетин томоша қилади. Бу эса инсон онги ва психологиясига сезиларли таъсир ўтказади.

Ҳозирда ижтимоий тармоқларда қисқа хабарлар ва видеолар урфда. Инстаграмдаги аксарият видеолар 30 секунддан 2 дақиқагача давом этади. Энг қизиғи, шу қисқа вақт давомида қайсидир вазиятни ҳикоя қилишга ҳам улгуради. Ҳар бир қисқа видео, айниқса, кулгили ёки ҳайратга солувчи бўлса, мияда допамин ажралишини рағбатлантиради.  

Бу эса фойдаланувчининг кўпроқ ва тез-тез видео кўришга ундайди. Натижада, миянинг диққатни бир жойга жамлаш, мураккаб ахборотни ҳазм қилиш ёки узоқ муддатли ишга эътибор бериш қобилияти сусаяди.  

Яъни, қисқа видеолар орқали “тезкор допамин дозалари”га ўрганиб қолган мия узоқ вақтли контентлар, китоб, дарс, фильм ва сериалларни зерикарли деб баҳолай бошлайди.  

Аммо ўрганишга боғлиқ бўлган ҳар қандай машғулот узоқ вақт давом этади. Мисол учун, хорижий тилларни ўрганиш, замонавий касблар, олийгоҳга кириш учун тайёргарлик, китоб мутолаа қилиш шулар жумласидандир. Лекин қисқа видеоларни томоша қилишга ҳаддан зиёд боғланиб қолган инсон бу каби узоқ вақт давом этадиган ва бирмунча меҳнат талаб этадиган машғулотларни бажаришга хафсаласи етармикан? Мисол учун, тил ўрганишга ўртача 6 ойдан 2 йилгача вақт кетади ва бу жараённи ҳеч қандай услубда 2x қилиб бўлмайди.  

Видеоларни тез–тез ўтказиш ҳаракати янги видеони топиш учун амалга оширилади. Ҳар бир янги видео – бу янги ҳаракатга ундовчи омил. Бу ҳолат эса инсон онгини доимий равишда бўлакларга бўлиб юборади. Ҳар сафар янги видеога ўтишда диққат ажралади ва янги ахборот бўлаги унга босим қилади.

Шундай қилиб, бирор бир ишни бошлаш, уни тугатиш, фикрни бир жойга тўплаш қобилияти аста-секин заифлашиб боради. Айниқса, ўқувчилар ва талабалар орасида бу ҳолат яққол кўзга ташланмоқда – ўқиш давомийлиги камаймоқда, китобхонлик сустлашиб, матнли материалларни тушуниш даражаси пасаймоқда.  

Бундай ҳолатда фойдаланувчининг ўзи ўзини назорат қилиши керак. Ушбу жараёнда интизом энг муҳим восита. Кунига ижтимоий тармоқлар учун маълум вақт ажратиш ва ундан ошмаган ҳолда фойдаланиш лозим.  

Қисқа видеолар ўрнини фойдали подкастлар, китоблар, мақолалар ва ҳужжатли фильмларга ўзгартириш мумкин. Ҳафтада камида бир кун ижтимоий тармоқлардан бутунлай воз кечиш ҳам қисқа видеоларга қарамлик одатини бирмунча пасайтиради.  

Рақамли замон бизга катта имкониятлар билан бир қаторда, жиддий хавф-хатарларни ҳам тақдим этмоқда. Қисқа видеолар бу– фақат кўнгилочар эмас, балки инсон онгига таъсир қилувчи кучли восита. Айнан шунинг учун ҳар бир фойдаланувчи ўз диққат салоҳиятини асраш, чуқур фикрлашни тиклаш ва технологияларни онгли тарзда қабул қилишга ўрганиши керак.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ахборотга тўйган онг