Ахборот хизматларининг фаолияти таҳлил қилинди
Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.Ходжаев Сирдарё вилоятидаги нашриёт ва матбаа ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият органлари, вилоят ташкилотлари ва идоралари ахборот хизматлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда Ўзбекистон сиёсий партиялари Сирдарё вилояти кенгашлари раислари, уларнинг ахборот хизматлари раҳбарлари билан учрашди.
Очиқ мулоқотда соҳалар ахборот хизмати раҳбарларининг иш фаолияти, ташкилотнинг веб-сайти, телеграм канали, facebook, instagram саҳифалари орқали оммага ҳавола қилаётган соҳага оид хабар ва янгиликларни ёритишдаги камчиликлар ва ютуқлар, пресс-конференция ва медиа-турларни ташкил этиш борасидаги долзарб масалалар муҳокама этилди.

Тадбирда, ахборот хизмати ходимини вазифасига, уни амалга ошириш механизмларига, ҳар бир жабҳада амалга оширилган ишлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерларга маълумот бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчилар томонидан газеталар обунаси бўйича муаммолар ва таклифлар билдирилди. АОКА раҳбари бу борада амалий ишлар олиб борилаётганлиги, хусусан, маҳаллий Кенгашлар сессияларида кўрилган ҳолда, маҳаллий бюджетдан ортган маблағлар ҳисобига таҳририятларни молиявий қўллаб-қувватлаш таклифи ўрганилаётганини маълум қилди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА