Ахборот-ресурс маркази талабалар хизматида
Андижон давлат чет тиллари институтида ахборот-ресурс маркази фойдаланишга топширилди.
Тадбирда институт ректори Дилшодбек Рустамов, немис тили назарияси ва амалиёти кафедраси мудири, профессор Мухторхон Умархўжаев ва бошқалар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда олий ўқув юртлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим сифатини ошириш, олий маълумотли малакали мутахассислар тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси “Очиқ бюджет” портали “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида таъмирланиб, ишга туширилган ахборот-кутубхона маркази 35 минг нусхадан зиёд китоб фондига эга. Кенг, ёруғ марказда 70 ўринли ўқув зали мавжуд, электрон адабиётлардан фойдаланишга мўлжалланган залга ўндан ортиқ замонавий компьютерлар ўрнатилган. Умуман, бу ерда китобхон талабалар ва ўқитувчилар учун зарур барча шароитлар яратилган.
Ахборот-ресурс марказида “Китобхонлик маданиятини юксалтириш – буюк мақсадимизга эришиш кафолатидир” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

– Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад талаба ва китобхонларга марказ, унинг имкониятлари, мавжуд китоб фонди ҳақида маълумотлар бериш, – дейди институт ахборот-ресурс маркази раҳбари Нигорахон Рустамова. – Шунингдек, талаба ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, тафаккур ва маънавиятини бойитишга кўмаклашиш, уларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш кўзда тутилган.
Тадбирда китобнинг инсон, айниқса, ёшлар ҳаёти ва камолотидаги ўрни, роли, китоб инсоннинг энг яхши дўсти ва маслаҳатчиси, билим манбаи эканлиги, шунингдек, талабаларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини, китобхонлик маданиятини, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ҳамда мулоҳазалар билдирилди.
Ф.Убайдуллаев, З. Умрзоқов ЎзА.