Ахборот-ресурс маркази аҳоли хизматида
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида ахборот- ресурс марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 320 миллион сўмлик енгил конструкцияли лойиҳа асосида бунёд этилган янги кутубхонада китобхонлар учун қулай шароит яратилди. Кутубхона айни пайтда 36 мингдан зиёд бадиий, ижтимоий-сиёсий, ўзбек ва жаҳон адабиёти ҳамда болалар учун турли хил китоблардан иборат адабиётлар билан таъминланди. 19 нафар мутахассислар ўз иш фаолиятини бошлаган янги зиё масканида WI-FI тармоғи йўлга қўйилган бўлиб, 1500 дан зиёд адабиётларнинг электрон нусхаси шакллантирилган.

Маърифат масканининг янги биноси очилиш маросимида туман ҳокимлиги вакиллари, фаоллар, нуронийлар ва ёшлар вакиллари иштирок этди. Тадбир иштирокчилари мазкур зиё масканида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва китобхонлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишди. Суҳбатларда юртимизда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилаётган эътибор ҳақида сўз бориб, бу ислоҳотларни туманда янада кенг тадбиқ этиш борасида келгусидаги режалар муҳокама қилинди.

Жорий йилги “Ёш китобхон” ва “Ёш китобхон оила” танлови республика босқичи ғолиблари устоз-шогирд Мухаммадфозил Исмоилов ва Абдуллажон Ниёзматовлар ўз издошларига китобхонлик маданиятини ошириш юзасидан тавсиялар берди.
М. Сулаймонов, ЎзА