Аввал маърифат, кейин сиёсат
Очиғи, кеча яхши ухлолмадим. Давлатимиз раҳбарининг бугунги Мурожаатномасини ўйлаб уйқум қочди.
Давр нафаси
Очиғи, кеча яхши ухлолмадим. Давлатимиз раҳбарининг бугунги Мурожаатномасини ўйлаб уйқум қочди. Чунки асрий ўзгаришлар даврида яшаяпмиз. Бу эврилиш кимлар ва қайсидир соҳалар учун йўғон чўзилиб, ингичка узилишига олиб келади. Бўлаётган ислоҳотларни, бугунги қатъий талабни ҳар ким ҳам ҳазм қила олмайди. Айниқса, тепса тебранмаслар, оташин фикрлар бу қулоғидан кириб, иккинчи қулоғидан чиқиб кетадиганларга ҳеч нарса таъсир қилмайди.
Хўш, нега уйқум қочди? Гап шундаки, кейинги пайтларда ислоҳотларни бошқача талқин этаётган, қўйилаётган дадил қадамларга нисбатан иккиланиб қаралаётгандек кайфият пайдо бўла бошлади. Нега шундай бўлмоқда? Коррупцияга қарши жуда жиддий кураш бошланган бўлса-да, амалда бунинг самарасини аниқ-тиниқ ҳис этганимиз йўқ. Президент олий таълимдаги коррупция ҳақида гапириб, Иқтисодиёт университетининг энг катта коррупционерини ишдан олганини, бу ердаги ўқитувчиларнинг 60 фоизи аттестациядан ўта олмагани, оддий саволлар қаршисида мум тишлаб қолганини айтар экан, қаранг фарзандларимизга шу пайтгача кимлар дарс берган, дея надоматини билдирди.
Адашмасам, юрт раҳбари худди шу одамни учинчи ё тўртинчи марта тилга олди. Ваҳоланки, унинг ишдан олинишини бошқача талқин этганлар ҳам бўлди. Айниқса, ижтимоий тармоқларда унинг ёнини олганларни ҳам кузатдик. Уларни ўша ректорнинг ҳамтовоқлари дейиш мумкин, холос. Бундайларга қарши ҳаммамиз бир бўлиб курашмас эканмиз, эртага сизнинг, менинг ҳам фарзандларимиз ҳалқумини ҳамма нарсадан устун қўядиганларга дуч келиши мумкин. Шу боис Президентнинг бу борадаги ташаббусларини амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлашимиз шарт.
Мурожаатномада олий таълим қабулига грантдан кўпроқ жой ажратиш, ўқийман, юрт равнақига ҳисса қўшаман, дейдиган қизларга имтиёзлар бериш, таҳсил муддатини уч йилликка ўтказиш борасидаги фикрлар билдирилганда, сабоқ жараёнида талабага ўз йўналишидаги фанларга кўпроқ урғу берилиши, ортиқча фанларга чек қўйилиши ҳақида айтилганда, ишонинг, муҳташам зал бир қалқиб кетгандай бўлди. Зотан, бу ҳар биримизнинг дилимиздаги орзу истаклар ифодаси эди.
Мурожаатномада ўттиз, балки ундан ҳам кўп йиллар давомида айтилмаган яна бир гап тилга олинди. Бу камбағаллик. Шунинг учунмикан Президент шу гапни ишлатганда, залда ўтирганлар бир-бирига қаради. Бундай қарашлардан шунча дардимиз бор эдию, лекин уни айтишга ҳеч ким журъат қилолмаган эди, деган фикрни англаш мумкин. Қишлоқ ҳаётини яхши биламиз: зўрға кун кўраётганлар, бир тайинли иши йўқ, аммо умидвор яшаётганлар ҳамма қишлоқдаям бор. Улар нега шу пайтгача ҳеч кимнинг хаёлига келмаган? Йиллар давомида ҳар йили 900 минг, бир миллион ишчи ўрни яратилди, деб ҳаммани алдаб келганлар қаёққа қараган эди? Шукрки, қорни тўқ билан қорни очнинг нима иши бор, деган замонлар ўтди. Бугун ростини айтадиган, иситма чиқмасдан олдин дардни аниқлаш ва бартараф этадиган фурсат етди. Табиийки, бу борада тегишли дастурлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилади. Аммо ҳамма гап ана шу “татбиқ“да. Бунга виждонан ёндашилмас экан, гаплар қуруқ, ишончлар сўниқлигича қолиб кетаверади. Яъни, соддароқ қилиб айтсак, масалан, бир мактаб биносини тиклаш учун унинг пойдеворига 100 тонна цемент кетадиган бўлса, шунинг тенг ярмини сотиб, ўрнига тупроқ, лойни аралаштириб иш қиладиган, кимларнингдир ҳалол ва машаққатли меҳнати эвазига ўзининг қорнини ўйлайдиганларни бу жараёнга мутлақо яқинлаштирмаслик керак.
Афсуски, ҳамма ўғирлик қурилишда. Пудратчи+буюртмачи+қурувчи=кўзбўямачилик ҳолатларига нафақат чек қўйиш, балки бундайларнинг илдизига ўт қўйиш даркор. Агар шундай қилинса, одамлар қуриладиган уйлар сифатидан шикоят қилмайди, фойдаланишга топширилган боғча ва мактаблар йил ўтмай ёрилиб кетмайди.
Умуман, Мурожаатномадаги ҳар бир масала одамни ҳаяжонлантирди, ўйлантирди, қувонтирди, изтиробга солди. Айниқса, 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили“ деб ном берилиши жуда-жуда маъқул бўлди. Бошқаларни билмадим, бу мен учун “Аввал иқтисод, кейин сиёсат“ деган нақлни ўзгартириб “Аввал маърифат, кейин сиёсат“ дейишга ундади. Зеро, илм олмай туриб, бошқа мақсадлар ҳақида ўйлаш қийин.
Дунёда мамлакатлар кўп. Уларда сиёсатпарвар сиёсат бор, иқтисодпарвар сиёсат бор. Сизу бизнинг ичимиз, дилимиздагини борича кўрсатиб, эртанги ҳаётимизни фаровон этишга аниқ дастур бўлган Мурожаатномани эшитиб, унинг жонкуяр ташаббускори сиёсатини инсонпарвар сиёсат демаслик мумкин эмас.
Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
“Жамият” газетаси Бош муҳаррири.