Автомобиль йўллари таъмирланмоқда
Маълумки, «Сардоба» сув омборида юз берган техноген ҳодиса оқибатида 127 километр умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари талафот кўрган.
Сирдарё вилоятида қарийб 5 минг 265 километр автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, шундан 1 минг 450 километри умумий фойдаланишдаги йўлларни ташкил этади. Унинг 259 километри халқаро, 505 километри давлат ва 686 километри эса маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларидир.
Маълумки, «Сардоба» сув омборида юз берган техноген ҳодиса оқибатида 127 километр умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари талафот кўрган. Жумладан, 21 километр халқаро, 86 километр давлат ва 20 километр маҳаллий аҳамиятидаги автомобиль йўллари, шу билан бирга, ушбу автомобиль йўлларида жойлашган 23 та кўприк ҳам таъмирталаб ҳолатга келиб қолган, дея хабар бермоқда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати.
Шунингдек, қарийб 3 минг 814 километр ички хўжаликлараро автомобиль йўллари, шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктлари кўчаларига ҳам зарар етган. Ушбу йўлнинг 250 километри Мирзаобод тумани, 273,7 километри Оқолтин тумани ва 324,8 километри Сардоба тумани ҳудудига тўғри келади.
Бугунги кунда ушбу содир бўлган табиий офат оқибатлари натижасида автомобиль йўллари ва йўл иншоотларига етказилган зарарларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, шу кунгача 92 минг 94 метр куб тупроқ ишлари, 46 минг 835 метр куб йўл қопламасини тозалаш, 11 минг 370 тонна ортиқ асфальтбетон қоришмасини йўл қопламасига ётқизиш, 37 минг 739 метр куб қум-шағал аралашмаси ётқизиш, 43 минг 358 метр квадрат йўл ёқасини мустаҳкамлаш ва 23 кўприкда таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бу ишларга 141 нафар ишчи жалб қилинган. Таъмирлаш ва қурилиш жараёнида 140 тадан ортиқ йўл қурилиш техникасидан унумли фойдаланилмоқда.