Автомобиль муаммоси ҳал этилди
Фуқароларнинг автомобиль хариди, уни етказиб бериш ҳамда кафолатланган сервис хизматлари билан боғлиқ мурожаатлари Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан доимий назоратга олинмоқда.
Мурожаатларни ўз вақтида ўрганиш ва қонуний чоралар кўриш орқали истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича ҳудудларда аниқ амалий натижаларга эришилмоқда.
Ҳудудларда кўрилган чора-тадбирлар натижасида Бухоро вилоятида сифатсиз ёқилғи сабаб автомобилга етказилган 14,4 миллион сўм зарар истеъмолчига тўлиқ қоплаб берилди. Жиззах вилоятида нуқсонли моторли “Chevrolet Tracker” автомобили янгисига алмаштирилди.
Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида белгиланган муддатда етказилмаган “Cobalt” автомобиллари фуқароларга топширилиши таъминланди. Навоий вилоятида “ONIX” автомобилидаги нуқсонлар бартараф этилиб, аккумулятор янгисига алмаштирилди. Сурхондарё вилоятида 173 миллион сўмлик “Chery” автомобили кафолат доирасида тўлиқ таъмирланди.
Тошкент вилоятида кафолатдаги “KIA Sonet” автомашинаси бепул таъмирланди. Тошкент шаҳрида нуқсонли “Damas-2” автомобили янги, сифатлисига алмаштириб берилди.
Кўрилган чоралар истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқлари амалда ҳимоя қилинаётганини, мурожаатлар эса натижасиз қолмаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА