Автоматлаштирилган тизим ишга тушди
Барча тизимда бўлгани каби газ таъминотида ҳам рақамлаштириш технологияси яхши самара бермоқда. Хусусан, ҳудудлардаги маҳаллаларда автоматлаштирилган маҳалла истеъмол назорат баланси жорий қилинмоқда. Энди Бухоро вилоятининг Бухоро туманидаги “Деҳча” маҳалласида ҳам газ таъминоти инсон омилисиз, бир меъёрларда етказиб берилади.
Маҳаллада “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ходимлари томонидан ҳудуд фаоллари, маҳалла еттилиги, туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, туман газ таъминоти ходимлари ва бошқа масъулларга лойиҳа мақсади ҳамда кутилаётган натижалари ҳақида тушунтирилди. Шунингдек, истеъмолчиларга етказиб берилаётган табиий газ таъминотини бир жойдан электрон тартибда, яъни автоматлаштирилган бошқарув тизимида олиб борилиши айтилди.



– Автоматлаштирилган маҳалла истеъмол назорат баланси тизимини ишга туширишдан асосий мақсад йиллик газ йўқотишларнинг олдини олиш, қолаверса, истеъмолчиларга етказиб бериладиган табиий газ таъминотини янада яхшилашдан иборат, – дейди газ таъминоти филиали директорнинг биринчи ўринбосари Сирожиддин Авезов. – Шунингдек, аҳоли хонадонларидаги эскирган газ жиҳозларини янгисига алмаштириш орқали табиий газни бир неча баробарга иқтисод қилишдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири