Автомашинани олиб қочган талаба қамалди
Фарғона вилоятида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш борасида муайян ишлар амалга оширилаётган бўлсада, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида жиноятлар салмоғи камайганича йўқ. Ташвишланарлиси, жиноят содир этаётганлар орасида талабалар ҳам бор.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали талабаси Н.Анинг жиноят иши кўриб чиқилиб, унга тегишли жазо тайинланди.
Талабаликнинг олтин даврини баъзилар қадрига етмасдан нотўғри йўлни танлашади. Қўқон шаҳрилик йигит ҳам шундай бўлди. У дарсдан бўш вақтларида Фарғона шаҳридаги автомашиналар ювиш шохобчасида ишларди. Шохобчада мижознинг “Gentra” русумли автомашинасини ювдиргани қолдириб кетганлигидан фойдалангани ҳолда уни ювиб бўлгач, олиб қочган. Қўқон шаҳрига бориб, у ердаги ошхонага автомашинанинг техник паспортини гаров эвазига қолдирган. Шунингдек, машина салонидаги қиймати қарийб олти миллион сўмга яқин бўлган антирадарни талон-тарож қилиб, сотиб юборган. Олиб қочилган автомашинани Марғилон шаҳридаги истироҳат боғи олдига ташлаб кетган.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида автомашина боғ олдида аниқланиб, далилий ашё тариқасида олинган.
Н.А жиноий ҳаракатларини давом эттиргани ҳолда таниши бўлган қизнинг уяли телефонини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, 600 минг сўмга сотиб юборган. Бу пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатган. Талаба йигитнинг қилмишларига чек қўйилиб, тезкор тадбирлар натижасида жинояти фош этилди. Суд ҳукмига кўра, у 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири