Автомашинани олиб қочган шахс топилди
Шахсни ташқи қиёфа билан идентификация қилиш тизими орқали автомашинани олиб қочган шахс фош этилди. Бу ҳақида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 7 апрель кунидан 8 апрель кунига ўтар кечаси номаълум шахс қасддан жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, Бухоро шаҳар Чўлпон кўчасида яшовчи 1963 йилда туғилган фуқаро К.Б. га тегишли бўлган “Ваз 21013” русумли автомашинани бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда, автотранспорт воситасини эшиклари очиқ ва қаровсиз қолдирилганлигидан фойдаланади. Натижада автомашина ичида бўлган калит ёрдамида уни ўт олдириб олиб қочади.
Ушбу автомашинани Бухоро тумани Наврўз маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобил йўлининг Бухоро-Ғиждувон йўналиши 258-километрига етганида, Бухоро тумани Халқ қабулхонаси биноси олдига қўйиб кетади.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади. Олиб борилган тезкор техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида вилоят ИИБ Эксперт криминалистика бўлими ходимлари томонидан тадқиқот қилиш учун тақдим қилинган видео тасвирлар шахсни ташқи қиёфа орқали идентификация қилиш тизими орқали текширилганда, ушбу жиноятни Шофиркон тумани Жўйрабод маҳалласида яшовчи 1993 йилда туғилган фуқаро Х.У. исмли шахс содир қилганлиги аниқланади.
Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА