Автобуслар ҳаракати онлайн кузатилади
Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги 20 дан зиёд автобус оралиқ бекатларига электрон таблолар ўрнатилди. Йўналиш рақами ҳамда бекат номидан ташқари автобусларнинг қанча вақтда бекатга етиб келиши, валюталар курси ҳамда об-ҳаво маълумотлари онлайн режимда акс этадиган бу каби ахборот қурилмалари сонини яна юзтага кўпайтириш режалаштирилган.
Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги 20 дан зиёд автобус оралиқ бекатларига электрон таблолар ўрнатилди. Йўналиш рақами ҳамда бекат номидан ташқари автобусларнинг қанча вақтда бекатга етиб келиши, валюталар курси ҳамда об-ҳаво маълумотлари онлайн режимда акс этадиган бу каби ахборот қурилмалари сонини яна юзтага кўпайтириш режалаштирилган.«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятининг 2016 йил фаолияти якунлари ҳамда 2017 йилдаги режаларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида замонавий ахборот-коммуникация воситаларининг тармоққа кенг жорий этилаётгани пойтахт жамоат транспорти фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.
Корхона фаолиятида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 9 октябрдаги «Тошкент шаҳрида йўловчи ташиш транспортини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир.
Бугунги кунда «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти корхоналарининг 1 минг 350 автобусида 3 минг 500 дан зиёд ҳайдовчи ва чиптачи пойтахт аҳли ва меҳмонларига хизмат қилмоқда.
Ўтган йилда жамият корхоналари томонидан 272 миллиондан зиёд йўловчи ташилди.
Транспорт воситалари паркини янгилаб боришга қаратилган чора-тадбирлар самарасида 2016 йилда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган «Isuzu» русумли саксонта ўрта сиғимли автобус харид қилинди. Шу даврда «Тошавтотаъмирхизмат» корхонасида 3470 «Mersedes Benz», «Truck and Bus Servis» корхонасида 4850 «Isuzu»га сервис хизмати кўрсатилди.
Мавжуд 128 йўналишда аҳолига транспорт хизмати кўрсатаётган 1 минг 442 автобусга GPS треккерлари ва GPS/GSM антенналари ўрнатилиши билан ҳаракат интервалларига риоя қилиниши таъминланиши яхшиланди, йўналишли автобусларнинг техник сабабларга кўра қайтиб кириши ва йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ҳолатлари кескин қисқарди.
Йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда жамоат транспортида GPS тизимининг ишлашини такомиллаштириш мақсадида «Тashbus» мобиль иловаси ишга туширилди. Android, Apple iOS дастурларида ишлайдиган мазкур иловани бугунги кунга қадар 80 мингдан ортиқ фойдаланувчи ўз телефонига юклаб олган.
Пойтахт йўловчи ташиш корхоналарида янги иш ўринлари яратиш, коллеж ҳамда олий ўқув юртлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2016 йилда «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти корхоналарида 180 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилган, 160 га яқин йигит-қиз иш билан таъминлангани бунинг амалдаги тасдиғидир.
– Мамлакатимизда автомобиль транспорти соҳасида аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда, – дейди Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Отабек Содиқов. – Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 январдаги «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаради. Зеро, қарорнинг амалга оширилиши йўловчилар ташиш хавфсизлиги, хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатининг юқори даражаси, жамоат транспорти йўналишларидаги транспорт воситалари ҳаракатининг белгиланган жадваллари ва оралиқлари маромига риоя этилиши, автотранспортда йўловчилар ташиш соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилиниши ҳамда ташувчиларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашга кўмаклашади.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.