
Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати Мирзаобод туманида содир бўлган ёнғин бўйича расмий маълумот берди.
Жорий йилнинг 3 май куни соат 21:45да Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани “Боғистон” маҳалла фуқаролар йиғини “Зиёкор” кўчасида жойлашган “Дониёр авто марказ” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Авто эҳтиёт қисмлар” савдо дўконининг 40 квадрат метр майдонда том ва шифт қисми ҳамда дўкон ичидаги автоэҳтиёт қисмлари ёнган.
Ёнғинга 2 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилиб, экипажлар соат 21:52 да етиб борган, ёнғин соат 21:53 да ўраб олиниб, соат 22:10 да батамом ўчирилган. Ёнғиндан дўконнинг 80 квадрат метр майдони сақлаб қолинган.
Ёнғиндан инсонларнинг тан жароҳати олиш ҳолати кузатилмади.
Ёнғиннинг сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
ЎзА