Австрия билан ҳамкорлик ривожланади
Самарқанд шаҳрида Австрия Республикаси ва Самарқанд вилояти ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди.
Самарқанд шаҳрида Австрия Республикаси ва Самарқанд вилояти ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди.
Бизнес-форум аввалида Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов ва Австрия федерал иқтисод палатаси бошлиғи Рихард Шенц Ўзбекистон ва Австрия ўртасида йўлга қўйилган иқтисодий ҳамкорлик самаралари, икки давлат ишбилармонлари учун яратилган имконият ва қулайликлар ҳақида маълумот берди. Тадбиркорларни ушбу имкониятлардан унумли фойдаланишга даъват этди.

Самарқанд вилоятининг иқтисодий салоҳияти, мавжуд ресурслар тўғрисидаги тақдимот намойиш этилди. Шундан сўнг Австриядан келган 30 дан ортиқ компания вакиллари қурилиш, туризм, нефть-кимё, гўшт ва сутни қайта ишлаш, темир йўл, иситиш ва совутиш тизимлари, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар тайёрлаш, қоғоз ишлаб чиқариш, гидроэлектр станциялари учун ускуналар, канализация ва чиқиндиларни тозалаш ва қайта ишлаш, тиббиёт ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш учун ўз хизматларини таклиф этди.
– Биз оқова сувларни тозалаб, яна истеъмолга яроқли ҳолга келтириш, оқова сув жиҳозларини янгилаш, аҳоли пунктлари ва тоғли ҳудудларда сувоқова тизимлари қуриш билан шуғулланамиз, – дейди Австриянинг WABAG компанияси вакили Томас Рашке. – Чиқиндидан брикет тайёрлаш, метан газ ишлаб чиқариб, генераторлар ёрдамида ҳеч қандай станциясиз электр энергияси ишлаб чиқариш ҳам фаолиятимизнинг асоси ҳисобланади. Самарқандлик ишбилармонлар компаниямиз фаолиятига катта қизиқиш билдирди. Келгусида бу борада ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятидамиз.

Форум давомида Австрия компаниялари вакиллари ва вилоятнинг 40 га яқин ишбилармонлари иштирокида B2B ва G2B форматида учрашувлар ўтказилди, муҳим келишувларга эришилди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда Самарқанд вилоятида Австрия тадбиркорлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 7 қўшма корхона фаолият юритмоқда.
