Авиаспоттингга қизиқасизми?.. Марҳамат
Аввалроқ хабар берганимиздек, Вазирлар Маҳкамасининг “Авиаспоттингни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2022 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистон Республикасидаги халқаро аэропортларда авиаспоттинг – белгиланган тартибга асосан аэропортларда ҳаво кемалари ҳаракатини ҳамда парвозини кузатиш, шунингдек, уларни профессионал ва ҳаваскорлар (авиаспоттерлар) томонидан фото, видео тасвирга олишга рухсат берилди.
Республикадаги барча халқаро аэропортлар ҳудудида уларнинг бошқарув шаклидан қатъи назар, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда парвозлар хавфсизлиги талаблари, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) тавсиялари ва илғор хорижий тажриба ҳисобга олинган ҳолда, авиаспоттинг машғулотлари учун ихтисослаштирилган жойлар босқичма-босқич амалга оширилади.
Кузатиш майдончаларига, шу жумладан, улар жойлашган жойларга нисбатан талаблар “Uzbekistan Airports” АЖ таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ва Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.
2022 йил 1 майдан бошлаб хорижий авиаспоттерлар жалб қилинган ҳолда, маҳаллий ҳаваскорлар ва профессионал ависпоттерлар учун ҳар чорак мавсумий танловлар, шунингдек, ҳар йилги танловлар таъсис этилади ҳамда ташкил қилинади.
Тегишли вазирлик ва ташкилотлар бир ой мобайнида авиапоттерларни кузатиш майдончаларига киритиш ва улар томонидан аэропортлар ички тартибига риоя этилиши, ўта муҳим рейслар парвозлари вақтида кузатиш майдончаларига киритишни келишиш, видеокузатув тизимини ташкил қилиш ва унга халқаро аэропортлар авиация хавфсизлиги хизматини улаш каби зарур талабларни ишлаб чиқишади.
2022 йил 1 майга қадар Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти ва “Самарқанд” халқаро аэропортида, 2022 йил 1 июлдан бошлаб қолган барча халқаро аэропортлар ҳудудида ависпоттинг билан шуғулланиш майдончалари фаолият кўрсата бошлайди.