Аваза саммити: минтақалараро мулоқотнинг янги босқичи ва интеграция истиқболлари
Сўнгги йилларда минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан тубдан ўзгарди. Мунтазамлик касб этган Маслаҳат учрашувлари давлат раҳбарларининг очиқ ва прагматик мулоқот майдонига айланди. Ушбу формат Марказий Осиёнинг халқаро майдондаги субъектлигини мустаҳкамлаб, ташқи шерикларнинг "Марказий Осиё плюс" платформаларига бўлган қизиқишини тобора кенгайтирмоқда.
Тарихий, иқтисодий ва маданий алоқаларга асосланган ушбу маконда эндиликда савдо, транспорт, энергетика, саноат ва замонавий технологияларни қамраб олувчи ягона ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш устувор вазифадир. Бу борадаги амалий мулоқотларни чуқурлаштириш мақсадида давлатимиз раҳбари Маслаҳат учрашувида Тошкент шаҳрида “Тинчлик ва барқарор ўзаро боғлиқлик йўлидаги минтақалараро мулоқот: Марказий Осиё ёндашуви” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий шерикликни янги босқичга олиб чиқишда ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажмини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бу жараёнда оддий товар айирбошлаш билан чекланмасдан, биргаликда якуний тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш механизмларига ўтиш талаб этилади.

Жумладан, бир нечта давлат корхоналарининг ягона ишлаб чиқариш занжирида иштирок этишини назарда тутувчи кооперация алоқаларини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. 2027 йилда Хива шаҳрида Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форумини ўтказиш, шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича махсус платформани яратиш режалаштирилган.
Шунингдек, минтақанинг глобал савдодаги транзит имкониятларини кенгайтириш учун транспорт инфратузилмасини комплекс ривожлантириш талаб қилинади. Транспорт йўналишларини ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда янги йўлаклар бўйларида логистика ва саноат объектларини жойлаштириш мақсадида Инфратузилмавий ривожланиш бўйича кенгаш ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Энергетика соҳасида углеводород захиралари ва қайта тикланадиган энергия манбалари салоҳиятини бирлаштирган ҳолда, кам углеродли энергетика бўйича қўшма концепцияни тайёрлаш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш ҳамда рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш бўйича қабул қилинган қўшма қарорларнинг ижроси долзарб аҳамият касб этади.
Рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлаш жараёнларини иқтисодиёт тармоқларига кенг татбиқ этиш мақсадида Умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратиш таклиф қилинди. Миллий маълумотлар марказларининг ўзаро боғланган тармоғи ҳисоблаш қувватларидан самарали фойдаланиш ва рақамли маҳсулотларни ривожлантириш имконини беради.
Шу билан бирга, иқтисодиётнинг реал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда мутахассислар тайёрлаш, кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма дастурларни ишга тушириш ҳамда талаб юқори бўлган касбларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Эътиборлиси, мазкур мулоқот формати “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган ташқи сиёсат йўналишидаги устувор вазифаларга тўла ҳамоҳанг бўлиб, у мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият, энг аввало, қардош Марказий Осиё ва қўшни минтақа давлатлари билан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ҳамда стратегик алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган динамик ташқи сиёсатини изчил давом эттиришга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.
Умуман олганда, Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви минтақамизни барқарор ва яхши қўшничилик руҳидаги умумий тараққиёт маконига айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқади.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси.
ЎзА