Хоразм вилоятида педагог кадрлар аттестацияси белгиланган талаблар асосида икки босқичда шаффофлик билан ўтказилмоқда. Бу йилги педагоглар малака тоифаси учун ташкил қилинган аттестация жараёнларида воҳада 14 минг 500 нафардан ортиқ педагог ариза топширди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йилнинг апрель-май ойларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларининг педагоглари малака тест синовларидан ўтказилади.
Урганч туманидаги 36-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтаётган синов жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Бунда малака тоифасини бериш амалиёти такомиллаштирилиб, инсон омилисиз ўтказиладиган тизим жорий қилингани айни муддао бўлмоқда.
[gallery-17040]
Аттестация жараёнларининг биринчи босқичида педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси баҳоланади. Иккинчи босқичида эса педагогик маҳорати ўрганилади. Бунда 10 та савол-топшириқ берилади. Аттестация натижалари QR-код қўйилган электрон шаклдаги педагогларнинг шахсий кабинетларига юборилади.
Беҳзодбек САИДОВ (сурат), ЎзА