Атроф-муҳитни асраш келажакни асраш демакдир
Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисидаги нутқида экология ва иқлим ўзгариши масалаларига алоҳида урғу бериб, ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келаётгани, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказаётганлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари шу жиҳатларни инобатга олиб, 2025 йилни мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиш таклифини билдирди. Ушбу таклифни бир овоздан қўллаб-қувватланиши эса юртимизда мавжуд экологик муаммоларни бартараф этишда “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалаларга ижобий ечим топилишига билдирилган ишонч бўлди, десам муболаға бўлмайди.

Шу ўринда “яшил иқтисодиёт” тушунчасига қисқача тўхталиб ўтсам. Яшил иқтисодиёт деганда, инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарур бўлган ресурсларни, атроф-муҳит ва экологияни бир бутун ҳолда сақлаб қолиб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан боғлиқ иқтисодиётни янада ривожлантиришни амалга оширишга асосланган иқтисодий фаолиятнинг янги йўналиши тушунилади. Аниқроқ айтганда эса яшил иқтисодиётда инсон, табиат ва иқтисодиётнинг бир-бири билан уйғун ва барқарор ривожланишини таъминлаган ҳолда ҳаракати тушунилади.
Ана шунда табиий ресурслардан барқарор ва самарали фойдаланиш, миллий иқтисодиёт, хусусан саноатнинг “яшил” ва кам углеродли ривожланишини таъминлаш, барқарор “яшил” урбанизацияни ривожлантириш, инновацияларни жорий этиш ва самарали “яшил” инвестицияларни жалб қилиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш даврида катта таъсир кўрсатиши мумкин бўлган аҳоли ва уларнинг яшаш жойларини қўллаб-қувватлашда “яшил” иқтисодиётга ўтиш учун қулай сиёсий муҳит яратиш бўйича ишларни амалга ошириш мақсад қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, атроф-муҳитни асраш нафақат Ватанимиз ободлиги ва чиройини таъминлайди, балки “Яшил макон” лойиҳасининг амалга оширилиши халқимиз соғлигини сақлашда ҳам асосий омил вазифасини бажаради.
Эркин ХОЛМАТОВ,
Жиззах вилояти Экология, атроф-
муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим
ўзгариши бошқармаси бошлиғи
ЎзА