Атроф-муҳитни асраш бурчимиз ва вазифамиздир
Бугунги кунда табиатни асраш ва барқарор ривожланиш масалалари бутун дунё мамлакатлари учун долзарб бўлиб қолмоқда. Жаҳон миқёсида иқлим ўзгариши, экологик муаммолар ва табиий ресурсларнинг камайиши инсониятнинг яшаш тарзига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Бундай вазиятда Ўзбекистонда 2025 йилга “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”, деб ном берилгани мамлакатнинг барқарор ривожи, экологик вазиятни яхшилаш йўлида муҳим қадам сифатида қабул қилинган қарор ҳисобланади.
Мазкур ташаббус юртимизда экологик мувозанатни тиклаш, барқарор иқтисодий ривожланиш ва аҳолининг ҳаёт сифати яхшиланишини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқади. Зеро, табиат инсониятнинг энг бебаҳо бойлиги бўлиб, уни асраш жамиятнинг ривожланиш даражасини белгиловчи муҳим омиллардандир.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига йўллаган Янги йил табригида ҳам “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт” йилида инсон ва табиат мувозанатига асосланган тизим яратиш асосий мақсадларимиздан бир эканлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

Тан олиш керак, сўнгги йилларда дунёда экологик мувозанат бузилиши кузатилмоқда, атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар ҳажми ортмоқда, ўрмонлар кесилмоқда, сув ресурслари ифлосланмоқда. Бу эса нафақат табиат, балки инсон саломатлигига ҳам жиддий хавф солиб келади. Ўзбекистон ҳам ушбу глобал муаммолардан мустасно эмас. Марказий Осиёда экологик инқирознинг энг йирик кўриниши Орол денгизининг қуриши бўлди. Ушбу ҳодиса ҳудуд иқлимига, қишлоқ хўжалиги ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширишни мақсад қилган.
2025 йилнинг Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили, деб эълон қилиниши мамлакатимизнинг экологик барқарорликка бўлган ёндашувини акс эттиради. Бу тизим табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, энергия самарадорлигини ошириш ва атроф-муҳитга зарар етказмасликни мақсад қилади. Ўзбекистоннинг географик жойлашуви ва табиий ресурслар салоҳиятини ҳисобга олганда, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш имкониятлари жуда кенг.
Мамлакатимизда қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича катта лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2025 йил давомида шамол энергетикаси ва чиқиндиларни қайта ишлаш технологияларини ривожлантириш режалаштирилмоқда. “Яшил иқтисодиёт” Ўзбекистонда нафақат экологик мувозанатни тиклаш, балки янги иш ўринларини яратиш ва иқтисодиётни янада самарали қилиш имконини беради.
“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт” йили муносабати билан Давлат дастури ишлаб чиқилади. Ушбу йил давомида амалга ошириладиган ишлар нафақат экологик барқарорликни таъминлайди, балки аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши учун мустаҳкам асос ҳам яратади.
Атроф-муҳитни асраш фақат давлатнинг вазифаси эмас, ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Ҳар биримиз табиатни севиб, уни ҳимоя қилишда фаол бўлсак, мамлакатимизни яшаш учун янада қулай ва экологик хавфсиз юртга айлантира оламиз. Бу эса фарзандларимизга соғлом ва гўзал келажак қолдиришимиз учун муҳим асос бўлади.
Алижон Жалилов,
“Юксалиш” халқаро ҳаракатининг
Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА