Атроф-муҳитни асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир
Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги “Сармишсой” музей қўриқхонасида “Плоггинг Тоур” экоҳаракати ҳамда “Пикник маданияти” акцияси ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 31 майдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Туризм, Ўрмон хўжалиги, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бошқармалари, Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти ходимлари ҳамда 100 нафарга яқин эковолонтёр ёшлар иштирок этди.
Ҳеч кимга сир эмас, баҳор мавсумида табиат қўйнида дам олиш ва пикник қилиш мақсадида ташриф буюрган аҳоли вакиллари томонидан чиқиндилар ташланиши, тартибсиз гулхан ёқилиши ҳолатлари кўплаб учрайди. Натижада атроф-муҳит ифлосланиб, ўсимлик ва ҳайвонот оламига зарар етади. Ушбу тадбирларни ўтказишдан кўзланган мақсад эса юқоридаги каби ҳолатларнинг атроф-муҳит учун нечоғлик зарарли эканлигини дам олувчиларга уқтириш, “плоггинг” ва “пикник” орқали уларни табиатни тоза сақлашга ундаш, дам олиш, экологик маданиятни шакллантиришдир.
– Ушбу тадбирларни Сармишсой дарасида ўтказилиши бежизга эмас, – дейди вилоят туризм бошқармаси бош мутахассиси Ҳилола Худойбердиева. – Чунки бу ҳудуд маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар дам олиши ва томоша қилиши учун кўп ташриф буюрадиган маскан ҳисобланади. Сармишсой дарасида 7 минг йиллик 10 мингдан ортиқ ноёб қоятош суратлари, археологик-маданий мерос ёдгорликлари ва ранг-баранг табиат бойликлари мавжуд. Олимларнинг таъкидлашича, қоятош суратлари 35 дан ортиқ тематик образ ва сюжетларни акс эттиради. Қояларга инсон қиёфалари, уларнинг ов ва меҳнат қуроллари, либослари, маиший буюмлари ўйиб ишланган. Улар билан бир қаторда ҳар хил жониворларнинг суратлари ҳам акс эттирилган бўлиб, бу жониворларнинг кўпчилиги аллақачон қирилиб кетган ва бугун мамлакатимиз ҳудудида учрамайди.
Сўнгги 3 йилда “Сармишсой” давлат музей қўриқхонасига ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида туризм инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 36,4 миллиард сўм маблағ ажратилди. 2024 йилда бу ерга 150 минг нафар маҳаллий, 32 минг нафар хорижий сайёҳ келиб кетган бўлса, жорий йилда эса 200 минг нафар маҳаллий ҳамда 50 минг нафарга яқин хорижий сайёҳлар ташрифи кутилмоқда.
[gallery-23705]
Ҳозирда сайёҳлар ва дам олишга келган аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида ҳудудда 13 та жойлаштириш воситалари, жумладан, 5 та хостел, 4 та дам олиш маскани, 4 та оилавий меҳмон уйлари хизмат кўрсатмоқда.
Тадбир якунида акцияда фаол қатнашган иштирокчилар муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари