Атроф-муҳит мусаффолиги долзарб масала
Андижонда атроф-муҳит ва экология соҳасида қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 3 миллиард 374 миллион сўмдан зиёд жарима ундирилди.
Табиатни муҳофаза қилиш ва табий ресурслардан, шунингдек, ер, сув, ўрмон, ер ости бойликлари, атмосфера ҳавосини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш бўйича Андижон вилояти Экология бошқармасининг жорий йилнинг ўтган давридаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда она табиатни, экологик мусаффоликни сақлаш, бу борада фуқароларнинг белгиланган тартиб ва меъёрларга амал қилишларини таъминлаш, аҳолини экологик билим ва маданиятини юксалтириш, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори даражага кўтаришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Анжуманда вилоят экология бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг тўққиз ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
– 2021 йилнинг ўтган 9 ойи давомида атмасфера ҳавоси, сув ва сув ресурсларини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, чиқиндиларни чиқариб ташлаш, ташиш ва сақлаш билан боғлиқ жараёнларни назорат қилиш, мазкур йўналишларда қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилди, – дейди Андижон вилояти Экология бошқармаси бошлиғи Азизбек Акбаров.
– Жумладан, ана шу давр мобайнида олиб борилган назорат ишлари натижасида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган хўжалик субъектлари ва фуқаролардан 3 миллиард 374 миллион 400 минг сўм маблағ ундирилди.
[gallery-4557]
Шундан, атроф-муҳитни ифлосланишига таъсир этувчи субъектлардан компенсация тўлови учун 2 миллиард 646 миллион 700 минг сўм, маъмурий жарима ва даъво жарималари эса 679 миллион 870 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, анжуманда мутахассислар томонидан шаҳар ва туманларда атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган соҳага оид қонун талабларини бузган 2 минг 682 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан 1 миллиард 108 миллион 900 минг сўм маъмурий жарималар расмийлаштирилганлиги, 92 та ҳолатда табиатга етказилган зарарлар учун 72 миллион 445 минг сўм миқдорида жарима ундириш бўйича даъво қўзғатилганлиги таъкидланди.
Бошқарманинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлими томонидан вилоятдаги мавжуд 765 та корхона назоратга олинган. Атмасферани ифлослантириш бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи тоифага кирувчи мазкур корхоналарда атмасферага зарарли чиқинди чиқарувчи 20 минг 696 та манба мавжуд бўлиб, улардан 5 минг 894 таси махсус трубалар ўрнатилган, 481 таси эса чанг-газ тозалаш ускунаси билан таъминлаган. Умуман, тозалаш ускуналари соатига 4 миллион 854 минг м3 хажмда тозалаш самарадорлигига эга.
Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлими давлат инспекторлари томонидан 1 минг 512 марта рейд тадбирлари ўтказилди. Натижада 1 минг 485 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, уларга нисбатан 281 млиллион 477 минг сўм маъмурий жарималар қўлланилди.
Вилоят автотранспортларининг 50 фоизи газ-баллон ёкилғи, электр ва бошка муқобил ёкилғи турларига ўтказилди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида мавжуд автотранспорт воситаларининг пропан ва сиқилган табиий газ ёқилғи турига ўтказилиши ҳисобига атмосфера ҳавосига 1 минг 468 тонна зарарли газ чиқарилишининг олди олинди.
Бошқарма мутахассислари томонидан оқова сув тозалаш иншоотларида мониторинг текширишлари олиб борилди. Мониторинг жараёнида 5 корхонада оқова сув тозалаш иншоотлари реконструкция қилиниб, бугунги кунда уларнинг иш самарадорлиги 85 фоизни ташкил этмоқда.
Шунингдек, канализация тармоқларига ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган оқова сувларни ташловчи саноат корхоналарида лаборатория таҳлиллари олиб борилди.
Меъёридан ортиқ ташламалар ташланиш ҳолатлари бўйича “Бизнес омбудсманга “Хавфни таҳлил қилиш” тизими орқали буюртмалар берилиб, текширувлар ўтказилди. Натижада ташламалари белгиланган меъёрлардан ортиб кетган корхоналардан 218 миллион сўм миқдорида қоплама тўловлари ундирилди.
Анжуманда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни назорат қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси, экологик мусаффолигини таъминлаш, мазкур йўналишларда қононбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, мутасаддилар, фуқароларнинг билим ва тушунчаларини бойитиш, экологик маданиятини юксалтириш бўйича олиб борилган тарғибот ишлари ҳақида ҳам кенг маълумотлар берилди.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА