Тошкент вилояти Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси инспекторлари томонидан ҳудудларда белгиланмаган жойларга чиқинди ташламаслик тўғрисида аҳоли билан мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамай ҳалигача қонун бузилиш ҳолатлари учрамоқда.
– Ачинарлиси, ўзи яшаб турган ҳудуди ободлигини сақлаш ўрнига чиқинди ташлаб кетаётган шахслар кўп учрамоқда, – дейди Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Барҳаёт Мелиев. – Ҳатто, чиқинди ташлайдиган жойлар бўлса ҳам, айрим йўлаклар четлари, кўчалар, ариқ ёқаларига улоқтириб кетилган чиқиндиларни кўп кўрамиз. Таҳлилларимизга кўра, инспекторлар томонидан ўтказилган назорат рейд тадбирларида ҳозиргача 1 минг 938 та ҳуқуқбузарликлар аниқланди.

Жумладан, Олмалиқ шаҳрида эътиборсизлик натижасида Чўлпон ва Металлург маҳаллалари оралиғидаги бўш ер майдонида ноқонуний чиқиндихона пайдо бўлгани аниқланди. Давлат инспекторлари назоратида ҳудудга махсус техникалар жалб этилиб атроф чиқиндилардан тозаланди.
Бундан ташқари, Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган Тошкент денгизи бўйида “Экологиянинг ёш ҳимоячилари” лойиҳасининг илк босқичи “Plogging” акцияси кўтаринки руҳда ўтказилди. Унда 30 нафарга яқин кўнгилли ёшлар, вилоят Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси вакиллари ҳамда “Ёш экологлар ҳаракати” аъзолари фаол қатнашди. Жараёнда барча 5 та гуруҳга бўлинган ҳолда 250 килограмм умумий вазндаги чиқинди тўплади. Махсус техникалар ёрдамида сув бўйи тартибга келтирилди.

Яна бир ҳолатда Тошкент вилояти Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси инспекторлари Чирчиқ дарёсининг Янгийўл тумани ҳудудидан оқиб ўтган қисмида юк ташувчи автотранспорт воситасида чиқиндиларни тўкмоқчи бўлган фуқаро тўхтатиб қолди. Ҳолатга аниқлик киритилиб ҳуқуқбузарликни 1978 йилда туғилган Б.Г. фуқаро томонидан содир этилгани аниқланди. Шу жойнинг ўзида автотранспорт воситаларидаги чиқинди Янгийўл туманида жойлашган Марказий чиқинди полигонига юборилди. Ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробарида жарима чораси қўлланилди.
Атроф-муҳитнинг озодалиги бир ташкилот ёки бир раҳбарнинг иши эмас. Буни аҳоли тушуниб етмас экан, жойларга чиқинди ташлаб атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиш ҳолатлари учрайверади. Бу йўлда барчамиз масъулиятли бўлмоғимиз лозим.

А.Мусаев,ЎзА.