Атроф-муҳитга янгича ёндашув
Халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда глобал экологик инқирознинг олдини олишга қаратиш ва бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ‒ долзарб масала
5 июнь ‒ Бутунжаҳон атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш куни
Халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда глобал экологик инқирознинг олдини олишга қаратиш ва бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ‒ долзарб масала
Шу мақсадда 1972 йил 5 июнь куни Стокголм шаҳрида БМТнинг экологик масалаларга бағишланган конференцияси бўлиб ўтди. Унда Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шундан буён ушбу сана муносабати билан турли тадбирлар, кўрик-танловлар, боғ яратиш, ободонлаштириш акциялари ўтказиб келинади.
2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган экологик хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш ва бошқа масалаларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони, «Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини қайта ташкил этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил қилинди.

Давлат экология қўмитасининг асосий вазифа ва функциялари ‒экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат бошқарувини амалга ошириш, ресурсларни тежаш борасида чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлашдан иборат.
Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси соҳасида бутунжаҳон декларациялари, конвенциялари ва БМТнинг бошқа битимларида акс этган вазифаларни амалиётга татбиқ этиш билан бир қаторда глобал табиат муҳофазаси сиёсатининг ҳам фаол иштирокчисига айланди.
Барқарор ривожланиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқ меъёрларига амал қилинган ҳолда, шунингдек, Конституциянинг низом ва асосий қатъият(принцип)ларидан келиб чиқиб, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида қонунчилик ислоҳоти ўтказилди. Унда жаҳон стандартларига мос келадган янги қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди, мавжудлари эса такомиллаштирилди.
Жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни асраб-авайлаш, озон қатламини емирувчи моддалардан воз кечиш бўйича, шунингдек, иқлим ўзгариши соҳасида ҳам илк ташаббусга эга муҳим аҳамиятга молик дастурлар қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилмоқда.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда экологик хавфсизликни таъминлаш, соҳа қонунчилигини такомиллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда аҳолининг бу борадаги маданиятини юксалтириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Шу асосда экология ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ҳужжатларни такомиллаштириш, аҳоли экологик маданиятини юксалтириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишда улар фаоллигини кучайтириш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, жамоатчилик экологик назорати тизимини ривожлантириш, жамоатчи назоратчиларни ўқитиш ва улар малакасини ошириш, чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича бир қатор самарали ишлар олиб борилмоқда.
2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари профилактикаси, уларни аниқлаш ва олдини олишнинг самарали механизмларини жорий этиш, республика аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолати учун давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларга эришишни таъминлаш мақсадида катта ишларни амалга ошириш режалаштирилган.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш борасида бир қанча жиддий тадбирлар амалга оширилмоқда. Уларни янада жадаллаштириш ‒ камёб ва йўқ бўлиб кетаётган ҳайвонлар муҳофазасини кучайтиришга ҳамда сонини кўпайтиришга хизмат қилиши керак. Республикада ташкил қилинган олтита тоғ (Ҳисор, Зомин, Китоб, Нурота, Сурхон, Чотқол), учта чўл-тўқай (Қизилқум, Бадай-Тўқай, Зарафшон миллий табиат боғи) қўриқхонаси, иккита миллий боғ (Зомин, Угом-Чотқол), тўққизта буюртмахона (Арнасой, Денгизкўл, Қорақир, Қарнабчўл, Қўшработ, Муборак, Нуробод, Октов, Сайғоқли, Судоче) ва иккита табиий ёдгорликдан (Вардонзе, Ёзёвон) иборат экологик тармоқ ҳайвонот оламининг мажмуий муҳофазасига ва унинг ресурсларидан барқарор фойдаланишга хизмат қилмоқда. Нафақат Республикамизда, балки бутун минтақада ягона, камёб ҳайвонларни кўпайтириш, уларни сақлаш ва реинтродукция қилиш билан шуғулланувчи «Жайрон» экомаркази ҳам ‒ муҳофаза қилинадиган ҳудуд мақомига эга. Республика қўриқхоналарида Қизил китобга киритилган Бухоро буғуси, морхўр, Қизилқум архари, кўк суғур, Туркистон силовсини каби ҳайвонлар, йирик йиртқич қушлар ва ҳашаротлар муҳофаза остига олинган. Камёб ва йўқ бўлиб кетаётган ҳайвонларни ярим тутқинлик шароитида кўпайтириш, уларни сақлаб қолиш ва сонини тиклаш ‒ истиқболли йўналиш ҳисобланади. Бу соҳадаги муҳим амалий одимлардан бири ‒ камёб ҳайвонлар турларини кўпайтириш республика «Жайрон» экомаркази" (Бухоро вилояти) олиб бораётган изланишлар. Бу ерда республика Қизил китобига ва халқаро Қизил рўйхатларига киритилган жайрон, Бухоро қўйи, морхўр, қулон, Пржевалский оти каби турларни кўпайтириш ва қўриқлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган йўрға тувалоқни сунъий шароитларда кўпайтириш ва кейинчалик ёввойи табиатга чиқариш ишлари Навоий ва Бухоро вилоятларидаги бир қатор ҳайвонлар кўпайтириладиган жойларда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда жамиятни демократлаштириш ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик тобора такомиллашитирилиб, бунинг натижасида ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорлик уйғунлашиб, жамоатчиликнинг экологик муаммоларга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Йилдан-йилга нодавлат жамоат экологик ташкилотлари тармоқлари кенгаймоқда. Улар аҳоли орасида экологик тафаккурни шакллантириш ҳамда ёввойи табиатни сақлаб қолиш масалалари борасида давлат муассасалари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида» (1992), «Муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар тўғрисида» (2004), «Ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида» (1997) каби қонунларнинг қабул қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 28 октябрдаги «Биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларнинг олиб келиниши ва Ўзбекистон Республикасидан четга чиқарилишининг назоратини кучайтириш тўғрисида» ги қарорининг чиқарилиши ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Ўзбекистон Республикаси «Биологик хилма-хиллик тўғрисида»ги Конвенцияга қўшилиб (1995), халқаро ҳамжамият олдида ўзининг миллий биологик ресурсларини муҳофаза қилиш учун жавобгарлигини эълон қилди. Давлатимизнинг бу борадаги кейинги қадамлари ‒ 1997 йилда «Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисида»ги (CИТEС), 1998 йилда «Кўчиб юрувчи ҳайвонлар турларини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги (Бонн-CМС), 2001 йилда «Халқаро аҳамиятга эга, айниқса, сувда сузувчи қушларнинг яшаш жойлари бўлган сув-ботқоқли жойлар тўғрисида»ги (Рамсар (WИ) Конвенцияларини имзолаши бўлди. Бонн конвенцияси доирасида қушларнинг камёб ва йўқ бўлиб кетаётган турларини муҳофаза қилиш бўйича «Ингичка тумшуқли балчиқчи юзасидаги ҳамфикрлик тўғрисидаги Меморандум» ва «Оқ турнани муҳофаза қилиш юзасидаги ҳамфикрлик тўғрисидаги Меморандум» (1998), «Африка-Евроосиёнинг сувда сузувчи кўчманчи сув-ботқоқли қушларни муҳофаза қилиш бўйича Битим» (АЭWА, 2003), "Бухоро буғуси(Cervus elaphus bactrianus)ни сақлаш ва тиклаш масалалари бўйича ҳамфикрлик тўғрисида меморандум« (2002), »Оқ қуйруқ кийик(Saiga tatarica tatarica)ни муҳофаза қилиш, тиклаш ва барқарор фойдаланиш юзасидаги ҳамфикрлик тўғрисида меморандум« (2006) каби халқаро битимлар имзоланди. Атроф-муҳитни экологик жиҳатдан соғломлаштириш жараёнларини уйғунлаштириш ва биологик ресурсларни муҳофаза қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда »Ўзбекистон Республикасининг биологик хилма-хиллигини сақлашнинг миллий стратегияси ва ҳаракат режаси" ишлаб чиқилган.
Самарқанд давлат университетида биологик ресурслардан мақсадга мувофиқ ва комплекс фойдаланиш, сув, ер, экологик мониторинг, Оролбўйи экологик муаммолари, биохилма-хилликни сақлаш, экотизимларга инсон таъсири каби йўналишларда илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда биоэкология, экологик бошқарув, экотуризим соҳаларида кадрлар тайёрлашни кенгайтириш долзарб муаммолардан бири бўлиб ҳисобланади.
Самамрқанд давлат университети Экология кафедраси Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда 5 июнь ‒ Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишлаб, талабалар ўртасида «Ўзбекистонда биохилма-хилликни муҳофаза қилиш муаммолари» мавзусида танлов ўтказмоқда.
Танлов мавзулари ‒ хилма-хил: “Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоби», «Ўзбекистоннинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари», «Тоғ ва адир минтақаси ҳайвонот ва ўсимлик олами биохилма-хиллиги», «Атроф-муҳит ҳолатини ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш маниторинги», «Ўзбекистоннинг экотуристик салоҳияти», «Ўзбекистонда қушларининг биохилма-хиллиги».
Табиатни муҳофаза қилиш, аввало, халқнинг маданиятини юксалтириш билан амалга оширилади.
Ҳусниддин БОЙМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети
Экология кафедраси мудири, профессор.
Танзила МАЖИДОВА,
Экология кафедраси доценти.