Қозоғистонда “Astana Half Marathon” халқаро марафонида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ярим марафон ва 10 км. масофага югуриш баҳсларида иштирок этди.
Мусобақанинг ярим марафон бўйича эркаклар ўртасидаги баҳсларида ҳамюртимиз Нодирбек Муталипов маррага 1 соат, 6 дақиқа, 19 сонияда кириб келди ва иккинчи ўринни эгаллади. Яна бир вакилимиз Бекзод Байматов марра чизиғини учинчи бўлиб босиб ўтди. Ушбу йўналишда украиналик Виталий Шафар ғолиб бўлди. Аёллар орасидаги ярим марафонда Екатерина Тунгускова терма жамоамиз ҳисобига кумуш медаль келтирди.
10 километр масофада эркаклар ўртасидаги югуришда Дилмурод Хўжамов бронза медалига эга чиқди. Афсуски, бу масофанинг аёллар орасидаги беллашувларида Моҳинабону Комилова тўртинчи ўриндан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА