Асоссиз қарздорликлар бартараф этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Коммунал соҳадаги асоссиз қарздорликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бартараф этиш бўйича қилинаётган ишлар” мавзусида брифинг ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Коммунал соҳадаги асоссиз қарздорликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бартараф этиш бўйича қилинаётган ишлар” мавзусида брифинг ўтказилди.
Унда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти ҳамда масъул ходимлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги вакиллари томонидан ўтган вақт давомида тизимда амалга оширилган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ташкил этилгандан буён энергия ресурслари, сув таъминоти ва маиший чиқиндилар бўйича жами 73 триллион сўм маблағ ундирилди. Бу кўрсаткич бюро ташкил этилмасдан олдингисига нисбатан 180 фоиз кўп демакдир. Ҳозирда Мажбурий ижро бюросининг 1 нафар давлат инспектори “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятлари ва сув таъминоти корхоналарининг ўртача 6 нафар назоратчисининг иш ҳажмини бажармоқда. Худди шундай суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлаш борасида 42,1 триллион сўмга яқин ундирув амалга оширилган бўлиб, аввалгига нисбатан 60 фоизга ўсган.
Қайд этилганидек, бюро фаолиятини бошлаган вақтдан буён нореал, яъни асоссиз қарздорликлар ҳисобланиши билан боғлиқ масалалар долзарблигича қолмоқда.

– Асоссиз қарздорликлар муқаддам таъминотчи корхоналар томонидан истеъмолчилар тўлиқ кўрикдан ўтказилмагани, энергия ресурслари ва сув таъминотининг талон-тарож қилиниши ва етказиб берилишидаги табиий йўқотишларнинг истеъмолчилар зиммасига қарздорлик сифатида ҳисобланиши сабабли юзага келганини кўрсатмоқда, – дейди Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директорининг биринчи ўринбосари Ҳасан Кабиржонов. – Ўтган вақт давомида истеъмолчиларни тўлиқ кўрикдан ўтказиш бўйича республика миқёсида ишчи гуруҳлар тузилди. Улар томонидан аниқланган асоссиз қарздорликлар бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, истеъмолчи зиммасидан олиб ташлаш чоралари кўрилмоқда.
Ҳукумат топшириғи асосида 2018 йилда истеъмолчиларга асоссиз (нореал) ҳисобланган қарздорликни хатловдан ўтказиш бўйича Идоралараро қўшма фармойиш тасдиқланган. Унга кўра истеъмолчилар хатловдан ўтказилган. Натижада республикамиздаги 429 минг нафардан ортиқ истеъмолчига фойдаланилмаган электр энергияси учун 545 миллиард сўм, табиий газ бўйича 212 минг нафар истеъмолчиларга 430,8 миллиард сўм асоссиз қарздорлик ҳисоблангани аниқланди. Ушбу асоссиз қарздорлик электрон дастурдаги истеъмолчиларнинг ҳисоб варағидан чиқарилиб, бузилган ҳуқуқларини тикланиши таъминланди.
Фойдаланилмаган энергия ресурслари учун истеъмолчиларга асоссиз қарздорлик ҳисобланиши ҳолатлари бўйича бюро органлари томонидан 1 триллион 342 миллиард сўм нореал қарздорлик бўйича жами 146 та жиноят ишлари қўзғатилган.
Президентимизнинг 2017 йил 13 ноябрдаги “Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан жойларда истеъмолчиларнинг электр энергия истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган (АСКУЭ) тизимига уланиш жараёнлари бошланди. Айни пайтда таъминотчи корхоналар билан ҳамкорликда 2 миллион 700 мингдан ортиқ электр энергияси истеъмолчиларига электрон ҳисоблагичлар ўрнатилди. Шундан, 1 миллион 363 мингтаси автоматлаштирилган тизимга уланган.