
Ҳар йилги анъанага кўра, йилнинг март-апрель ойларида “Бутунжаҳон жамғариш куни” ёки «Global money week» Ўзбекистонда кенг кампания сифатида амалга оширилади. Ушбу ойлик доирасидаги тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан амалга оширилади. Асосий мақсад – аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, молия ва уни жамғариш ҳамда ундан оқилона фойдаланишга ўргатишдир.
Ойлик давомида бир қатор тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Жумладан, бутун Республика мактабларида “Очиқ дарслар” ўтказиш, мактаб ўқувчилари учун Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясининг нумизматика бўлимида экскурсиялар ташкил қилиш, тижорат банкларида “Очиқ эшиклар куни” тадбирини, Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда жойлашган кутубхоналарда “Молиявий режалаштириш” мавзусида тренинглар ўтказилади.

“Бутунжаҳон жамғариш куни” тадбирлари доираси “Ўзмиллийбанк” АЖ масъул ходимлари томонидан Тошкент шаҳридаги 14 та маҳаллаларда 270 нафардан зиёд мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари учун “Молиявий режалаштириш” мавзусида интерактив мастер-класс шаклида маҳорат дарслари ўтказилди. Ушбу маҳорат дарслари умумтаълим мактаб ўқувчиларининг замонавий рақамли хизматлар бозорида оқилона молиявий қарорлар қабул қилиш ва молиявий барқарор келажакни қуриш учун банк хизматларидан самарали фойдаланишга ўргатиш ҳамда молиявий инструментлар ҳақида хабардор қилиш мақсадида Марказий банк ва тижорат банклари билан биргаликда “Молиявий саводхон маҳалла” лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

Маҳорат дарсида молиявий саводхонлик асослари яъни пулни самарали бошқариш, жамғарма ва инвестициялар – капитални қандай кўпайтириш, бюджетни режалаштириш - молиявий мақсадларни қўйиш ва уларга эришиш йўллари, “Молиявий ёстиқча” – фавқулодда ҳолатлар учун олдиндан жамғарган пул захирасини ташкил этиш каби йўналишларда батафсил маълумот берилди.
Асосан мактаб ўқувчилари ўртасида молиявий саводхонликни ошириш мақсадида ташкил этилган тадбир молиявий режалаштиришни тушуниш ва бу соҳада оқилона қарорлар қабул қилиш ҳамда мавжуд билимларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Тренинг давомида ўқувчилар банк ходимларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, зарур билимларга эга бўлди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, бу каби дарсларда иштирок этиш бепул.

«Ўзмиллийбанк» АЖ
Матбуот хизмати