Асосий мақсад мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш
АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” нинг Сирдарё вилояти филиали томонидан пресс-тур ташкил қилинди.
Гулистон шаҳридаги “Омон-медфарм” МЧЖ журналистларда катта қизиқиш уйғотди. АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” мижози бўлган мазкур корхона фаолияти, жумладан, аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш, дори-дармон ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш жараёни барчага манзур бўлди. Мазкур лойиҳа учун банк томонидан 20 миллион АҚШ доллари ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 350 иш ўрни яратилган. Келгусида ишлаб чиқариш ҳажми, маҳсулот ва хизматлар турини кенгайтириш ҳисобидан иш ўринларини мингтага етказиш кўзда тутилган.
[gallery-12334]
Кейинги манзил “Боғишамол тезкор мадад” МЧЖ томонидан фаолияти йўлга қўйилган “Болажон” клиникаси бўлди. Бу масканни жиҳозлаш ва тиббий ускуналар олиб келиш учун банк томонидан 1 миллиард сўм кредит ажратилган. Айни пайтда 7 доимий иш ўрни яратилган. Иш ўринлари сони тўлиқ қувватда 15 тага етказилади. Бир кунда 100 дан ортиқ беморларга 10 га яқин йўналишда малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
"Бетон саноат" МЧЖ хусусий корхонаси томонидан Гулистон шаҳрида фойдаланишга топширилган “Саховат” савдо-кўнгилочар масканига банк томонидан 10 миллиард сўм кредит ажратилган ва 500 га яқин янги иш ўрни яратилган.
Пресс-тур давомида журналистлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг амалдаги самаралари билан бевосита танишишди.
Ш.Суяров, Ш. Ортиқбоев, ЎзА