Ўзбекистон тарихи давлат музейида “Ўзархив” агентлиги, Ўзбекистон Миллий архиви ва Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви ҳамкорлигида “Хотира – абадий, инсон қадри – муқаддас” мавзуида арив ҳужжатлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни ва Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушидаги буюк ғалабасига қўшган улкан ҳиссасини кенг оммага тарғиб қилиш, ёшларни она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилган фотокўргазмада 1941-1945 йилларга оид архив ҳужжатлари намойиш этилди. Шунингдек, Ўзбекистон тарихи давлат музейи экспонатлари асосида Иккинчи жаҳон уруши ва унинг асоратлари акс эттирилган тарихий манбалар ҳавола қилинди.

Кўргазмада уруш даврида харбий хизмат қилган тарихий шахсларнинг таржимаи ҳоли, фаолияти, ёзилган илмий ишлари, оиласи, унвонлари ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Архивда сақланаётган “Фронтдан хатлар” ва Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятлари бўйича 1941-1945 йиллар урушда ҳалок бўлган ва бедарак йўқолган жангчилар ҳақида маълумот берилган “Хотира” номли кўп жилддан иборат тўплам ҳам иштирокчиларга хавола этилди. Иштирокчилар “Ўзархив” агентлиги ва Мудофаа вазирлиги томонидан ҳамкорликда нашр этилган “Аскар мактублари” китоби билан яқиндан танишди.


Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивининг алоҳида қимматли ва ноёб архив ҳужжатларидан тайёрланган архивнинг Иккинчи жаҳон уруши даврини акс эттирувчи тарихий киноҳужжатларидан ҳам лавҳалар намойиш қилинди. Уруш давридаги жанговар ватанпарварлик қўшиқлари ва уруш хотиралари каби фоноҳужжатлар музей залида янгради.
Гулноза Бобоева, ЎзА