Асл санъат – жонли ижрода
Навоий вилояти ҳокимлиги, Навоий вилояти телерадиокомпанияси ва Навоий вилояти маданият бошқармаси ўртасида меморандум имзоланди.
Унга кўра, Навоий вилояти телевидениесида ўқувчи-ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, уларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён этишга бағишланган кўрсатув ташкил этиш белгиланди.
– Эндиликда ҳар ҳафтанинг жума куни вилоят телевидениеси орқали тизимли намойиш этиладиган “Асл санъат – жонли ижрода” деб номланган телекўрсатув ташкил этилди, – дейди лойиҳа ташкилотчиларидан бири Тоҳир Абдураҳмонов.

– Кўрсатув ўқувчи-ёшларда ўзлари танлаган ихтисосликларни чуқур ўрганишга қизиқишни ошириш, ёш ижрочиларнинг истеъдоди ва ижодий қобилияти бўйича ижрочилик кўникмаларини янада ривожлантириш, ўзбек санъатини дунё саҳналарига олиб чиқишга қодир иқтидорли ёшларни кашф этиш ва улар ижодини тарғиб этишни ҳам мақсад қилган.
Телекўрсатувнинг дастлабки сонида мақом ва бахшичилик санъати йўналишида ижод қилаётган ёшлар ва уларнинг устозлари меҳмон бўлди.
Абдували Бўриев, ЎзА