Аскарлар Ҳасанбой Дўстматов билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм аскарлари бокс бўйича олимпиада ва жаҳон чемпиони Ҳасанбой Дўстматов билан учрашиб, мулоқот ўтказди.
– Ҳарбий қисмда аскарларни бурчга садоқат, юрт ҳимоясига камарбаста ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилади, – дейди лейтенант Бобуржон Олтибоев. – Бокс бўйича жаҳон ва олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўстматов билан учрашув ана шу йўналишдаги тадбирлардан бири бўлди.

Учрашувда чемпион давлат чегараларини қўриқлаш масъулиятли ва шарафли вазифа, зиммаларига юкланган ана шу бурчни сидқидилдан адо этиб келаётган аскарлар эса юртимизнинг ҳақиқий ҳимоячилари эканлигини таъкидлади. Шунингдек, аскарларга ўзининг спортда эришган ютуқлари, олимпиада ўйинлари ва жаҳон чемпионатидаги энг ёрқин учрашувлари ҳақида гапириб берди.


Қизиқарли ва дилдан бўлиб ўтган суҳбатда жаҳон чемпиони аскарларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. Якунда ҳарбийлар Ҳасанбой Дўстматовга ўзларининг эсдалик совғаларини топширди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА