
Янги Ўзбекистоннинг минтақавий ташқи сиёсат йўналиши оқилона, стратегик жиҳатдан ишончли хусусиятга эга.
Мазкур йўналишнинг асосий натижаси ўлароқ, Марказий Осиёда сиёсий вазият тубдан ўзгариб, минтақада чинакам яқин қўшничилик руҳи шаклланди ҳамда Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ҳаётий зарур умумминтақавий масалаларни ҳал қилиш борасида баҳамжиҳат иш юритишни янги босқичга олиб чиқдилар.
Айниқса, минтақа давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини мунтазам равишда ўтказиб бориш ҳақидаги ташаббус амалга оширилиб, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистонда саммитлар ўтказилди. Шунингдек, иқтисодий форумлар доимий асосда ташкил этилмоқда. Савдо-иқтисодий алоқалар, саноат кооперацияси, маданий-гуманитар муносабатлар жадал ривожланмоқда. Ушбу жараёнларнинг мантиқий давоми сифатида, жорий йилнинг 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ашхобод шаҳрида Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон иштирокида ўтган уч томонлама саммитда иштирок этиши ва минтақанинг умумий муаммоларини ҳал этиш бўйича устувор таклифларнинг илгари сурилиши мамлакатимиз ташқи сиёсати кун тартибидаги муҳим воқеалардан бири бўлди.
Биринчидан, ушбу саммит унда бир қатор икки томонлама ҳамда бугунги куннинг долзарб минтақавий масалаларни муҳокама қилиниши билан фарқ қилди. Жумладан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергетика соҳасини ривожлантириш, транспорт-логистика салоҳиятини ошириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Ушбу соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича ўзаро мулоқот ўтказилиб, умумий мақсадга келинди.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёдаги янги хавф-хатарларга эътибор қаратиб, уларга муносиб ва чуқур ўйланган жавобларни биргаликда излаш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Минтақадаги асосий муаммолардан бири, бу – сув танқислиги муаммоси бўлиб, кейинги йилларда унинг кескин тус олиши ниҳоятда муҳим ва у, албатта, тезкор ечимни талаб этади. Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу муаммони бартараф этиш бўйича, сув тежайдиган илғор технологияларни жорий этиш, ҳамда ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш, сел ва тошқин сувларини тўплаш ва сақлаш учун инфратузилмани биргаликда ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштириш таклифлари илгари сурилди ва ҳар томонлама муҳокама қилиниб тегишли ёндашувлар ишлаб чиқилди.
Учинчидан, Президентимиз томонидан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида энергетика соҳасида, шу жумладан энергия ресурсларини етказиб бериш ва уларнинг транзити борасида яқин, самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланди. Ўз навбатида, минтақа давлатларининг “яшил” иқтисодиётга ўтишга интилиши муштарак экани ҳисобга олиниб, гидро ва иссиқлик энергетикасида лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди ва уларни амалга ошириш бўйича давлат раҳбарлари томонидан тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди.
Тўртинчидан, минтақада, ўзаро интеграциялашган транспорт инфратузилмасини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон” йўлагининг ривожлантирилиши, Транскаспий йўналиши салоҳиятининг ишга солиниши Марказий Осиёнинг “Шарқ – Ғарб” ва “Шимол – Жануб” халқаро йўлакларидаги транзит маркази сифатидаги жозибадорлигининг оширилишига ишонч билдирди. Шу мақсадда халқаро юк ташувчилар учун қулай шароитлар яратиш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва назорат-ўтказиш масканларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш йўлида биргаликда ишлаш таклиф қилинди.
Бешинчидан, минтақадаги бугунги долзарб масалаларни ечишда халқаро ташкилотлар, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва минтақа мамлакатлари томонидан илгари сурилаётган ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, саммит иштирокчилари маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилдилар, тегишли давлат тузилмалари ва жамоат бирлашмалари, илмий марказлар, олий таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари, маданият ва санъат ходимлари ўртасидаги алоқалар муҳимлигини таъкидлаб, ушбу жараёнларнинг самарали механизмларини шакллантириш ва чуқурлаштириш бўйича келишиб олдилар.
Саммитнинг самарали ўтишида давлатимиз раҳбари томонидан Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари билан боғлиқ бўлган мамлакат ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши бўлиб қолаётгани бир неча бор таъкидланиши, шунингдек , минтақа мамлакатларини умумий тарих, маданият ва қадриятлар, тил ва урф-одатларнинг яқинлиги боғлаб туради, бу эса республикалар ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликка хизмат қилиши ҳақидаги фикрлари амалий аҳамият касб этди.
Саодат Убайдуллаева
Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти
Сиёсий фанлар доктори