Асарларда жой олган сокинлик...
Пойтахтимиздаги Марказий кўргазмалар залида рассом Дилюс Мурсалимовнинг шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда рассомнинг 50 га яқин картиналари намойиш этилди.
Кўргазмада қайд этилганидек, аксарият томошабинлар Д.Мурсалимовни офорт ва акварел техникасида ижод қиладиган график рассом сифатида билади. Ушбу кўргазмада рассомнинг рангтасвир асарлари ҳам тақдим этилди. Ижодкорнинг картиналарини кузатаркансиз, асарлар мавзуси – манзаралар, табиатдан олиб чизилгандек, шунингдек мотивларга асосланган, натюрмортлар, портретлар, жанрли композициялар, меъморий тасвирлар ва бошқаларни ўз ичига олади.



Рассом Дилюс Мурсалимовнинг ўзига хослиги шундаки, у энг нозик кайфиятни асарлари орқали томошабинга бера олади. Унинг асарлари табиатнинг қудрати ҳақида баланд овозда эмас, балки атрофингиздаги гўзал оламга боқиб, сокин қўшиқларга ҳамоҳанг бўлишдир. Унинг композицияларида ҳаётнинг нозик қайғуси ва доноликка хос ҳазил-мутойиба сезилиб туради. Дилюс Мурсалимовнинг асарларига доимо қайтиш истаги пайдо бўлади, чунки томошабин ниманидир муҳим ва илғаб бўлмас нарсани ўтказиб юборгандек ҳис қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА