Асал минг дардга малҳам, оилага — даромад
Оила даромадини ошириш бугунги пандемия шароитида ҳар жиҳатдан муҳим.
Оила даромадини ошириш бугунги пандемия шароитида ҳар жиҳатдан муҳим.
Тиниб-тинчимас юртдошларимиз тадбиркорлик, ҳунармандчилик, паррандачилик, томорқа орқали турмуш фаровонлигини таъминлашга ҳаракат қиляпти. Хусусан, Фарғона вилоятида кўплаб оилалар асаларичиликни йўлга қўйиб, яхшигина даромад олмоқда.
Ёзёвон туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Суҳбатилло Маматбоқиев ҳаваскор асаларичи. У эрта баҳорда битта асалари оиласини парваришлашга қўйди. Қисқа фурсатда хонадондаги асалари оилалари сони яна 3 тага кўпайди.
Дарҳақиқат, яхши парвариш қилинган битта асалари оиласи мавсумда 20 килограмм неъмат беради. Бир килограмм асал 50-55 минг сўмга баҳоланган тақдирда, битта асалари оиласидан камида бир миллион сўм даромад олинади. Бу ёш оилага бир мавсумнинг ўзида тўрт миллион сўмдан ортиқ даромад олиш имконияти деган гап.
– Шу кунга қадар ёлланма ишчи бўлиб турли юмушларни бажариб юрардим, – дейди Суҳбатилло. – Асалари парваришлашни таклиф қилиб қолишди, иккиланмай рози бўлдим. Адашмаган эканман. Яқин кунларда уларни янада кўпайтириш устида ишлаяпман. Бу фарзандларим тарбиясидан ажралмаган ҳолда уйда туриб фойдали меҳнат ва даромад олиш имкониятини бермоқда. Асосийси, оила дастурхонидан шифобахш неъмат узилмайди.
Асалари – етти хазинанинг бири. У она табиат томонидан инъом этилган мўъжиза. Асал таркиби ферментлар, витамин ва микроэлементларга бой бўлиб, у ёш болаларни ақлий ривожлантириш, жигар, ошқозон, тери, юрак-қон томир, асаб ва бошқа кўплаб хасталикларни даволашда яхши самара беради. Қолаверса, мўмай даромад манбаи.
Фарғона вилоятида асал етиштириш миқдорини кўпайтириш, сифатини яхшилаш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу мақсадда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда асаларичилик тармоғини ривожлантириш орқали камбағалликдан чиқаришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Айни кунларда пандемия таъсирида ишсиз қолган 15 минг нафардан ортиқ ёшларни 5 қутидан асалари оилалари билан таъминлаш, уларга имтиёзли сармоялар бериш борасида иш олиб борилмоқда.
Зотли ва маҳсулдор асалари оилаларини етиштиришда вилоят асаларичилар уюшмасининг алоҳида ўрни бор. Бу ерда зотли онаарилар олиб келиб кўпайтириш, маҳсулдорлигини ошириш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Шу мақсадда Украинадан “Карпат”, Германиядан “Карника” зотли асалари насллари олиб келиб кўпайтирилмоқда.
– Мазкур тармоқнинг ривожланишида Фарғона асаларичилик мактабининг катта ўрни бор, – дейди вилоят асаларичилар уюшмаси раиси Шерзод Суярқулов. – Буни вилоятда олиб борилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар мисолида кўриш мумкин. Шу кунга қадар вилоятимизда 1200 дан ортиқ асаларичилик субъектлари рўйхатга олинди.
Соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган муҳим ишлардан яна бири, вилоятда асаларилар учун табиий нектарга бой озуқа экинларини кўпайтиришга киришилди. Эндиликда Қурама тоғ тизмаларида ўсадиган зирк, наъматак, дўлана, далачой, жийда, каштан, япон сафораси, фетселия, синяк, донник, Россия ўсмаси, оқ, қизил, пушти беда сингари бутасимон табиий нектарга бой ўсимликларни маҳаллий шароитларда парваришлаш йўлга қўйилди.
Асаларилар ҳаёти ҳам ибратли. Асални бутун бошли оила йиғади. Бунда уларнинг вазифаси алмашиб туради. Бугун нектар йиғиб келган ишчи асалари эртасига навбатчи ёки озиқчи, қолганлари эса нектар излаб ёки қанотларини силкитиб, арихонани шамоллатиб турар экан. Уларнинг ҳаракатини кузатган инсон асаларилар ҳамжиҳатлигига қойил қолади.
Шу мўъжазгина асалари қутисида инсон учун катта ҳаёт мактаби мавжуд, десак хато қилмаймиз. Сиз ҳам уйингизда асалари боқинг, тотли меҳнат билан оила фаровонлигига ҳисса қўшасиз.