Асака туманида меҳнат ярмаркаси ўтказилди
Андижон вилояти Асака туманида ўтказилган меҳнат ярмаркасида 75 корхона, ташкилот, муассаса ва фермер хўжалиги бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
Андижон вилояти Асака туманида ўтказилган меҳнат ярмаркасида 75 корхона, ташкилот, муассаса ва фермер хўжалиги бўш иш ўринлари билан иштирок этди.Туман ҳокимлиги, прокуратураси ҳамда бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Жорий йилда бандлик дастури доирасида Асака туманида 6 минг 630 янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
– Меҳнат ярмаркасида 500 дан зиёд фуқаро қатнашди, – дейди Асака тумани бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази раҳбари Зулфиқор Эргашев. – Тадбирда ишга жойлашиш учун йўлланма олганларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежи битирувчиларидир.
– Асака педагогика коллежини битирганман, – дейди Зоҳида Исмоилова. – Бугунги ярмаркада ўз мутахассислигим бўйича 3-мактабгача таълим муассасасига тарбиячи бўлиб ишга жойлашиш учун йўлланма олдим.
Тадбир доирасида ташкилотчилар ва мутахассислар томонидан фуқаролар билан меҳнат қонунчилиги, уларнинг ҳуқуқий билимини ошириш борасида суҳбатлар ўтказилди, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.