Йиллик автомобиль ишлаб чиқариш қуввати 12 минг донани ташкил этувчи Сирдарё туманидаги “Asaka Motors International” корхонасида сайёр учрашув ташкил этилди.
Сирдарё вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Ҳотамов, соҳа ходимлари иштирок этган учрашувда божхона расмийлаштируви билан боғлиқ муаммолар, унинг олдини олиш, ташқи иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш борасида қилиниши лозим бўлган долзарб ва муҳим масалаларга эътибор қаратилди. Божхона ходимлари томонидан божхона тўғрисидаги қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида, шунингдек, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими ва “Экспорт уч қадамда” тизимининг афзалликлари тўғрисида маълумот берилди.
[gallery-21764]
Эътиборли жиҳати, корхонада “Hyundai”, “Exeed” ва “Wuling” русумидаги 10 турдаги автомобиллар йиғилмоқда. Ушбу машиналар юқори сифатлилиги, замонавий дизайни, шинамлиги ва қулайлиги билан нафақат ички, ташқи харидорларга ҳам маъқул келмоқда.
Айни пайтда 200 дан зиёд мутахассис фаолият олиб бораётган мазкур корхонанинг йиллик қуввати 12 мингтани ташкил этаётган бўлса, йил охирига бориб корхонанинг йиллик қуввати 25 минг донага чиқиши, корхонада ишлайдиган ишчилар сони 1,5 баробарга кўпайиб, 500 нафарга етиши мумкин.
Ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг асосий қисмлари хорижий компаниялардан импорт қилинаётганини ҳисобга олганда расмийлаштирув ишлари кўп жиҳатдан божхона хизматига боғлиқ бўлади.
Ўтказилган сайёр учрашувда ана шу жиҳатларга ҳам эътибор қаратилиб, экспорт ва импорт операциялари, унинг расмийлаштируви билан боғлиқ ишлар муҳокама этилди, божхона қонунчилиги, унда назарда тутилган енгилликлар тўғрисида фикр алмашилди.
–“Asaka Motors International” корхонасида ўтказилган сайёр учрашув ҳар жиҳатдан қаралганда жуда ҳам фойдали бўлди. Қолаверса, ташқи иқтисодий фаолиятни янада кенгайтириш, экспорт ва импорт ҳажмини оширишимизда юзага келиши мумкин бўлган божхона расмийлаштируви билан боғлиқ муаммолар, масалалар муҳокама этилиб, соҳа ходимларидан корхонамиз фаолиятини янада кенгайтиш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш учун зарур бўлган фойдали тавсия ва маслаҳатларни олдик, —дейди “Asaka Motors International” корхонаси бош технологи Эркин Содиқов.
Ғулом Примов,Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари