Асака адирларида замонавий экотуризм мажмуаси барпо этилди
Андижон вилояти Асака туманидаги адирликлар мусаффо ҳавоси ва ўзига хос табиати билан ажралиб туради.
Президент Шавкат Мирзиёев “Янги ҳаёт” ҳудудидаги 192 гектар майдонда барпо этилган экотуризм мажмуасига ташриф буюрди.


Лойиҳа давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан амалга оширилган. Табиат ва замонавий қулайликлар уйғунлашган ушбу маскан қисқа вақтда аҳоли ва сайёҳлар эътиборини тортди.
Мажмуа баланд тепаликда жойлашган бўлиб, бу ердан туманнинг кенг манзараси намоён бўлади.


Ҳудудда капсула шаклидаги 4 та замонавий дам олиш уйи ва миллий услубдаги 5 та ўтов ўрнатилган. Ўттиз гектар майдонда манзарали дарахтлар ва арчалар экилган. Оилавий ресторан, турли аттракционлар ҳамда замонавий тунги ёритиш тизими ташкил этилган.
Мажмуада табиий муҳитни сақлаш ва ресурслардан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳудудда 14 минг куб метр сиғимга эга мембранали сув ҳавзаси қурилган. Дарахт ва экинлар тўлиқ томчилатиб суғориш тизими орқали суғорилади.


Лойиҳанинг умумий қиймати 51,8 миллиард сўмни ташкил этади. Унинг амалга оширилиши натижасида маҳаллий аҳоли учун 275 та доимий ва 200 та мавсумий иш ўрни яратилди. Шунингдек, боғда етиштириладиган узумни экспорт қилиш режалаштирилган.
Муассаса тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига 80 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиши ҳамда маҳаллий бюджетга 3 миллиард сўм тушум таъминланиши кутилмоқда.


Жорий йил якунига қадар тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган “Узум боғи” мажмуаси Андижон вилоятининг жозибадор сайёҳлик масканларидан бирига айланиши кутилмоқда.

Шу ерда ёзилган дастурхон атрофида давлатимиз раҳбари вилоят фаоллари ва меҳнат фахрийлари билан самимий суҳбатлашди. Мулоқотда Андижонда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, аҳоли фаровонлигини ошириш, маҳаллаларни обод қилиш ва ёшлар учун янги имкониятлар яратиш ҳақида сўз борди.
Тадбир давомида маданий дастур ва дронлар шоуси намойиш этилди.