Архивчилар “Агентлик шоҳсупаси”да дона сурди
Ўзбекистон Миллий архиви биносида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Агентлик шоҳсупаси” республика шахмат турнирининг финал баҳси бўлиб ўтди.
Унда мусобақанинг ҳудудий босқичи ғолиблари иштирок этди. Мусобақа аввалида сўз олган “Ўзархив” агентлиги директори ўринбосари Шерзод Содиқов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида агентликда амалга оширилаётган ишлар юзасидан сўз юритди.
[gallery-3514]
“Агентлик шоҳсупаси”нинг финал баҳсида 17 нафар архивчи ўзаро беллашди. Қизғин ва муросасиз ўтган баҳсларда Гулистон тумани давлат архиви ходими Шохрух Исроилов ғолиб бўлди. Кейинги ўринлар Жиззах вилояти вакили Жавлон Наврўзов ва қорақалпоғистонлик Тимур Султоновга насиб этди.
Ғолиб ва совриндорларни “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА